Ҳаммаси назоратда, хавотирга ўрин йўқ
Махсус комиссиянинг жорий йил 3 февраль куни ўтказилган навбатдаги йиғилишида келгусидаги долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги фармойишига асосан коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилган эди.
Шу вақт ичида комиссия томонидан мамлакатимизга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Ўзбекистондан Хитойга ва Хитойдан Ўзбекистонга авиапарвозлар вақтинчалик тўхтатилди. Чегара ўтказиш пунктларида хориждан кириб келаётган фуқароларнинг саломатлигини текшириш тизими йўлга қўйилди. Тиббиёт муассасаларида ушбу эпидемияни барвақт аниқлаш ҳамда унинг тарқалишини олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.
Махсус комиссиянинг жорий йил 3 февраль куни ўтказилган навбатдаги йиғилишида келгусидаги долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон фуқароларини Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилди. Ушбу чартер рейсларнинг дастлабкиси 4-5 февраль кунлари амалга оширилади.
Мазкур самолётларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси буюртмасига асосан мамлакатда қолиб, фаолиятини давом эттириш истагини билдирган ҳамюртларимизга зарур антисептик ва дезинфекция воситалари етказилади ҳамда бепул берилади.
Хитойдан ватандошларни олиб келиш жараёнида барча санитария-эпидемиология талабларига қатьий риоя қилинади, йўловчиларнинг ҳар бири шифокорлар назорати остида бўлади.
Коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Хитойдан олиб келинадиган ватандошларимиз Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тайёрланган махсус тиббиёт муассасасига жойлаштирилади.
Мазкур муассасалар тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланган. Хусусан, коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилган, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган. Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказилади.
Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасаларида барча керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинадиган ўзбекистонликлар икки ҳафта давомида карантин остида сақланади. Ушбу вақт давомида уларнинг оила аъзолари билан учрашиши тақиқланади. Яқинлари билан фақат махсус телефон алоқаси орқали мулоқот қилиши мумкин бўлади.
Комиссия йиғилишида тегишли вазирлик ва идораларга ушбу вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан топшириқлар берилди. Комиссия ваколатига доир бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Дилшод АҲАТОВ, ташқи ишлар вазири ўринбосари:
– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги кунга келиб янги типдаги коронавирус билан ўн етти мингдан кўпроқ инсон хасталанган. Уларнинг 361 нафари шу хасталик туфайли вафот этган. Бу касаллик Хитой Халқ Республикасининг Хубей провинцияси Ухан шаҳрида кенг тарқалмоқда. Эпидемиянинг олдини олиш борасида турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хитой Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, баъзи беморлар бу касалликдан шифо топган. Айтиш лозимки, бугунги кунда Хитой томонидан юзага келган вазиятни бартараф этиш бўйича ҳамма тегишли чоралар кўрилмоқда. Ишончимиз комилки, Хитой раҳбариятининг ушбу муаммони тез ҳал этиш учун барча имкониятлари мавжуд.
Дунёда ана шундай мураккаб эпидемиологик вазият туфайли барча давлатлар ўз фуқаролари соғлиғини ҳимоялаш, эпидемиологик барқарорликни сақлаш мақсадида турли чоралар кўрмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, эпидемия ҳақидаги дастлабки маълумотлар тарқалган кундан бошлаб Хитой Халқ Республикасидаги Ўзбекистоннинг элчихона ва консулхоналари билан ҳамкорликда у ерда
бўлиб турган фуқароларимизга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинаяпти. Элчихонамиз берган маълумотга кўра, айни пайтда Уханда ўзбекистонлик талабалар ҳам бор. У ердаги мураккаб вазият туфайли уларнинг айримлари юртимизга қайтиш истагини билдирди.
Шу боис, “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти билан махсус рейслар ташкил этилиб, уларни юртимизга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 4 февралдан бошлаб Пекин – Тошкент, Ухан–Тошкент рейслари орқали юртдошларимиз ватанга қайтарилади. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон бундан кейин ҳам хориждаги фуқароларимиз манфаатларини ҳимоялаш бўйича фаол ҳаракатларини давом эттиради.
Баҳодир ЮСУПАЛИЕВ, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари:
– Коронавирус эпидемияси бўйича дунёда юзага келган мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, ушбу касалликнинг юртимизга четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чоралар кўриляпти. Жорий йилнинг 29 январь куни Президентимиз томонидан Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида фармойиш қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасида ушбу фавқулодда ҳолат бўйича икки марта йиғилиш ўтказилди. Хусусан, 2020 йил 3 февралда бўлиб ўтган йиғилишда бу йўналишдаги ишларни ташкил этиш бўйича барча тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда соғлиқни сақлаш тузилмаларининг бундан кейинги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш борасида вазифалар белгилаб олинди.
Айтиш лозимки, коронавирус инфекцияси туфайли хорижда, айниқса, эпидемия ўчоғи бўлган Хитой давлатида яшаётган юртдошларимизни ҳимоялаш мақсадида улар давлатимиз кўмагида юртимизга қайтарилмоқда. Ушбу юртдошларимиз жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятининг махсус рейслари орқали Ўзбекистонга олиб келинади.
Улар аэропортда кутиб олиниб, чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, вируснинг 14 кунлик инкубация даврида соғлиғини кузатиш мақсадида махсус тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади. Мазкур тиббиёт муассасаларида барча тиббий ва бошқа хизматлар бепул кўрсатилади ҳамда санитария-гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланади. Шунингдек, шифокорларимиз уларнинг саломатлигини туну кун назорат қилишади. Тиббий кўрикдан ўтган ҳамда коронавирус аниқланмаган барча фуқароларга уйига кетиш учун рухсат берилади.
Таъкидлаш лозимки Хитойдан келган юртдошларимизнинг икки ҳафталик карантинда бўлишлари нафақат ўзларининг, балки уларнинг яқинлари, қолаверса, бошқа фуқароларнинг соғлиғи хавф остига қўйилмаслиги учун амалга оширилмоқда. Ўйлайманки, буни барчамиз яхши англаймиз.
Шу ўринда яна бир масалага алоҳида тўхталишни истардим. Айрим ижтимоий тармоқларда юртимизда бу касаллик ҳақида ваҳимали, лекин ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар тарқатиляпти. Масалан, Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманига Хитойдан қайтган бир талабанинг ушбу касалликка чалиниб, даволанаётгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатилди. Аслида, бу талаба оддий респиратор вирусли инфекция билан хасталанганлиги аниқланди. Айни пайтда у тўлиқ даволанган ва соғломдир. Яна бир марта халқимизга шуни маълум қиламанки, бугунги кунгача юртимизда коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилгани йўқ.
Шундай бўлса-да, бундай вазиятда хотиржамликка берилишимизга асос йўқ, албатта. Чунки коронавирус ҳаво томчи йўли орқали инсондан инсонга юқади. Бу эса эпидемияга қарши тадбирларни уюшқоқлик билан ташкил этишни талаб қилади. Вазирлигимиз томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бу борада зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тиббиёт муассасаларида махсус жойлар ҳозирланган, керакли дори-дармонлар захираси яратилган. Шу билан бирга, чегараларда карантин ҳудудлари ташкил этилган, у ерда эпидемиолог, инфекционист мутахассислар фаолият юритяпти. Аэропортлар, темир йўл бекатлари ва бошқа чегара ҳудудларга тепловизорлар ўрнатилган.
Умуман олганда, юртимизда эпидемиологик вазият қатъий назоратга олинган. Шунингдек, қўшни давлатлар ва касаллик ўчоғи бўлган Хитой Халқ Республикасидаги шифокорлар билан ҳам эпидемиологик ҳолат бўйича маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган. Бугунги кунда хитойлик ҳамкасбларимиз томонидан касалликни бартараф этиш бўйича узлуксиз чоралар кўрилмоқда. Ишончимиз комилки, тиббиёт илм-фани бўйича катта салоҳиятга эга бўлган хитойлик ҳамкасбларимиз бу муаммога оқилона ечим топишга эришади.
Илҳом МАҲКАМОВ, транспорт вазирининг биринчи ўринбосари:
– Мамлакатимизда коронавирус касаллигининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти. Бу жараёнда тиббиёт муассасалари билан бир қаторда барча давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам иштирок этмоқда.
Жумладан, вазирлигимиз томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳаво йўллари, темир йўллар ва чегара пунктларида санитария талабларига қатъий риоя этиш, эпидемияга қарши курашиш тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил этишда ҳар томонлама кўмак берилмоқда.
Қайд этилганидек, Хитойнинг Ухан ва Пекин шаҳарларида яшаётган юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Жорий йил 4-5 февраль кунлари Хитойдан ҳаво йўллари орқали юртдошларимиз Тошкентга олиб келинади.
Жумладан, 4 февралда Ухан шаҳридан талабалар “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти томонидан беғараз ёрдам йўли билан юртимизга қайтарилади. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида уларни қабул қилиб олиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, тегишли тиббиёт муассасаларига жойлаштириш ва шифохоналарда тиббий ёрдам кўрсатишгача бўлган жараёнлар тизимли йўлга қўйилади. Хусусан, ушбу фуқароларимиз орасида самолёт бортидан тушишлари биланоқ дезинфекция ишлари амалга оширилади ҳамда бевосита транспортларга жойлаштирилиб, махсус тайёрланган тиббий муассасаларга олиб борилади.
Албатта, бу ишлар, аввало, халқимизнинг саломатлигини муҳофазалаш, қолаверса, юртимизда санитария-эпидемиологик барқарорликни сақлашда муҳим ўрин тутади.