Ҳамкорлик истиқболлари
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Хитой давлат тараққиёт банки ўртасида молиявий ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Хитой давлат тараққиёт банки ўртасида молиявий ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари А.Аҳмадхўжаев, Хитой давлат тараққиёт банки департамент директори Ци Ляньбинь ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида молия-банк тизимини ислоҳ этишга қаратилаётган изчил чора-тадбирлар халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва уларнинг маблағларини мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон банк тизими фаолияти барқарор бўлиб, қатъий белгиланган халқаро стандартларга жавоб беради. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 ноябрдаги «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарори молия-банк тизими барқарорлигини ошириш, инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришда дастуриламал бўлаётир.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳам чет эл сармоядорларининг мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларда қатнашишга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг инвестицияларини ва замонавий технологияларни жалб қилиш орқали хорижий банклар ва халқаро молия муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шундай ҳамкорлик доирасида Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик банки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Банклараро бирлашмаси ва бошқа қатор халқаро молия муассасалари билан ўзаро алоқалар ўрнатилган.
– Мамлакатингизда тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш доирасида Ўзбекистон Миллий банки билан 2006 йилдан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – дейди Хитой давлат тараққиёт банкининг бўлим бошлиғи Ли Еньион. – Ўтган йиллар давомида бешта кредит йўналишида 231,8 миллион долларлик 373 лойиҳа амалга оширилди. Жорий йилда эса 150 миллион долларлик битим имзоланди.
Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида чорвачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи мини-технологиялар харид қилиш, асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини, тадбиркор аёллар, оилавий тадбиркорлар ҳамда коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш каби йўналишлар бўйича лойиҳаларни молиялаштириш борасида ҳамкорликдаги амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам маълумот берилди.