Ватанимиз тарихидаги 3 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
993 йил (бундан 1031 йил олдин) – Абу Аблуллоҳ Ҳофиз Ҳокимнинг “Тарихи Нишопур” китобида ёзилишича, шоир, адиб ва тилшунос Абу Бакр Хоразмий вафот этди (таваллуди 935 йил).
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, адибнинг отаси Омулнинг Табаристонидан, онаси Хоразмдан бўлган.
Шунинг учун унга “Табарий” нисбаси ҳам берилган. Абу Бакр Хоразмий ўз асрининг ягона тилшуноси ва ниҳоятда зеҳни ўткир кишилардан эди. У араб тилшунослиги ва унинг усулларини ёддан билган.
Тилшунос З.Исломовнинг қайд этишича, Абу Бакр Хоразмийнинг шеърлари шаклан қисқа бўлишига қарамай, жуда сермазмун.
Унинг “Девони Абу Бакр Хоразмий” номли асари бизгача етиб келган. Унда ўз ҳаёти, шеърлари, замондошлари ва Сомонийлар давлати тарихи ҳақида маълумотлар берилган. Бу девон ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, 1997 йили Эронда нашр қилинган.
1411 йил (бундан 613 йил олдин) – Рай шаҳрида бир неча кун давом этган бетоблик туфайли Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси, амирзода Халил Султон баҳодир вафот этди.
Бу маълумот Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” ва Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн” асарларида қайд этилган. Бироқ айрим манба ва адабиётларда Халил Султоннинг вафоти санаси бошқа сана билан берилган. Биз бу ўринда юқоридаги икки асосий манбага таяндик.
Халил Султон 15 ёшида Соҳибқироннинг Ҳиндистонга қилган юришида қатнашиб катта жасорат кўрсатган.
Қуйи табақадан чиққан Шодимулкка уйланиши билан Амир Темурнинг ғазабига учраган, сўнг кечирилган. 1405 йилда Амир Темур вафот этгач, Мовароуннаҳр тахтини эгаллаган. Амакиси Шоҳрух билан 1409 йилда тузилган шартнома натижасида Мовароуннаҳрдан воз кечган. Халил Султон вафот этгач, Шодимулк ҳам ўзини ўлдирган.
1502 йил (бундан 522 йил олдин) – Самарқанд шаҳри маркази яқинида, Зарафшон дарёсининг сўл қирғоғида пишиқ ғиштдан Зарафшон сувайирғич кўприги қурилди.
1844 йил (бундан 180 йил олдин) – “Ўзбекистоннинг янги тарихи” асарининг биринчи китобида ёзилишича, олим, тадқиқотчи ҳамда саёҳатчи сифатида танилган, пихини ёрган инглиз жосуси Иосиф Вольф Истанбулга келди. Англиянинг бу ердаги элчиси С.Кенинг унга Бухоро сафари учун зарур ҳужжатларни тайёрлаб берди.
Туркия султонининг Бухоро амири, Хива ва Қўқон хонларига ёзилган мактублари Вольфнинг турк султони ҳомийлигида эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар вазифасини ўташи лозим эди. 1844–1845 йиллар давомида Бухорода иш олиб борган Иосиф Вольф Лондонга Қўқондаги воқеалар, хонликларнинг ўзаро муносабатлари хусусида диққатга сазовор ахборотлар юбориб турди.
1921 йил (бундан 103 йил олдин) – Туркия дипломатлари Бухорода иш бошлади. Шу йилнинг 5 июнида Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати Туркия Буюк Миллат Мажлиси номига мактуб юбориб, ўзаро вакил алмашиш ҳақида битим имзолашни таклиф қилган эдилар.
1943 йил (бундан 81 йил олдин) – тарихчи олим Бўрибой Аҳмедовнинг ёзишича, Ўзбекистонда Шарқ қўлёзмаларини тадқиқ этиш институти ташкил этилди. Бу нафақат қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлаш, балки уларни чуқур илмий тадқиқ этиш ишига йўл очиб берди.
2001 йил (бундан 23 йил олдин) – Хоразмда дунё маданиятининг ноёб дурдонаси бўлмиш “Авесто”китобининг 2700 йиллигига бағишлаб барпо этилган ёдгорлик мажмуининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу нодир китоб бу қадим ўлкада буюк давлат, буюк маданият, буюк маънавият бўлганидан ва халқимиз илдизлари, давлатчилигимиз асослари қадимги тарихга бориб тақалишидан гувоҳлик берувчи бебаҳо тарихий ҳужжатдир.
Мажмуа Шовот каналининг қирғоғидаги 20 гектар майдонда бунёд этилган. Мажмуанинг асосий марказидан 18 метрлик меъморчилик композицияси ўрин олган. “Авесто” китобини акс эттирган мармардан ишланган ёдгорлик композициянинг марказий қисмидир.
2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
МДҲ ҳукумат раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги музокараларида Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ““Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Каратэ (WКФ) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА