Амир Темур ва унинг мероси
Навоий давлат университетида “Амир Темур ва унинг мероси” номли икки жилддан иборат, 1000 саҳифалик китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоб Туркия Республикаси илмий жамоатчилиги томонидан нашр этилган бўлиб, унда Амир Темурнинг давлатчилик фаолияти ва жаҳон цивилизациясидаги ўрни кенг ёритилган.

Амир Темур буюк давлат арбоби, қудратли саркарда ҳамда илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси сифатида инсоният цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг адолатга асосланган давлатчилик ғоялари, кучли бошқарув тизими ва маърифатпарварлик сиёсати бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 2026 йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизда Амир Темурнинг бой илмий, маънавий ва маданий меросини чуқур ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлод онгига сингдиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тақдимотда университет ректори, профессор Муҳиддин Калонов, китоб муаллифларидан бири, туркиялик таниқли олим, Нaвoий давлат университети фахрий профессори Камал Явуз Атаман сўзга чиқиб, Соҳибқирон Амир Темурнинг фаолияти, унинг саркардалик стратегияси ва жаҳон тарихидаги ўрни, шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда ва хорижда Амир Темур шахсига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини таъкидладилар.

Мазкур китобдан ўзбекистонлик ва туркиялик 37 нафар олимнинг 33 та илмий ва маърифий мақоласи ўрин олган. Илмий мақолаларда Амир Темурнинг давлатчилик, ташқи ва ички сиёсат, бунёдкорлик, қурилиш, маданият, санъат ва адабиёт, шунингдек, ҳарбий соҳадаги фаолияти атрофлича ёритилган.
Айни пайтда китобнинг инглиз, ўзбек ва рус тилларидаги нашрини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири