Амир Темур шахсиятининг Шарқ ва Ғарб манбаларида ёритилиши
Марказий Осиё тарихида беқиёс ўрин эгаллаган Соҳибқирон Амир Темур шахси асрлар давомида Шарқ ва Ғарб олимларининг диққат марказида бўлиб келган. Унинг давлат арбоби ва йирик саркарда сифатидаги фаолияти турли даврларда турлича талқин қилинган бўлса-да, у ҳақидаги илк ва энг муҳим маълумотлар Шарқ тарихчилари томонидан ёзиб қолдирилган.
Кейинчалик эса Европа илмий ва адабий доираларида ҳам Амир Темур шахсига бўлган қизиқиш ортиб, унинг фаолияти кенг тадқиқ этила бошланди. Шу жиҳатдан, Соҳибқирон ҳақидаги манбаларни ўрганиш унинг тарихий ўрнини янада чуқурроқ англашга хизмат қилади.
Низомиддин Шомий томонидан ёзилган “Зафарнома” расмий тарихий асарлардан биридир. Унда Соҳибқироннинг ҳарбий юришлари, давлат бошқаруви ва сиёсий фаолияти батафсил баён этилган. Асар ўз даврининг муҳим ҳужжати сифатида қайд этилади. Шомий Темур ҳаётини пухта билган, унинг саркардалиги ва давлатчилик қобилияти, диний ва дунёвий фанларга муҳаббати ҳақида мустақил тушунчага эга бўлган. Шу сабабли, у воқеаларни ҳаққоний ёритган ва Амир Темур фаолиятига холисона баҳо беришга ҳаракат қилган.
Шарафиддин Али Яздий томонидан яратилган яна бир “Зафарнома” эса Темурийлар даври тарихини янада мукаммал ва бадиий услубда ёритади. Бу асар нафақат тарихий, балки адабий қиймати билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, Ибн Арабшоҳнинг “Соҳибқирон Амир Темур тарихи” асари муаллифнинг воқеаларга бевосита гувоҳ бўлгани билан аҳамиятли. Ушбу асар Амир Темур ва Темурийлар даврига оид муҳим манба сифатида француз, лотин, турк ва инглиз тилларига ҳам таржима қилинган. Асарнинг ўзбек тилига таржимаси 1992 йилда икки жилдда нашр этилган эди.
Европа олимларининг Амир Темур шахсига қизиқиши ХVI асрдан бошлаб сезиларли даражада ортди. 1553 йилда Италиянинг Флоренция шаҳрида италиялик олим Перондинонинг “Скифиялик Тамерланнинг улуғворлиги” асари нашр этилди. Бу асар Европада Соҳибқирон ҳақида ёзилган илк илмий тадқиқот сифатида тарихга кирди.
Шундан сўнг испан тарихчиси Перо Мексиканинг “Буюк Темур тарихи” асари чоп этилди. Унда Амир Темур фаолияти Европа тарихий тафаккури нуқтаи назаридан талқин қилинади. 1582 йилда Севильяда Клавихонинг машҳур “Эсдаликлар” асари нашрдан чиқди. Клавихо Амир Темур саройига элчи сифатида ташриф буюрган бўлиб, унинг ёзганлари Соҳибқирон давридаги сарой ҳаёти, сиёсий муҳит ва маданият ҳақида қимматли маълумотлар беради.
Шунингдек, инглиз драматурги Христофор Морло томонидан яратилган “Буюк Темур” саҳна асари Амир Темур образини Европа адабиётига олиб кирган муҳим бадиий асар ҳисобланади. Унда Соҳибқирон кучли иродага эга шахс сифатида тасвирланган.
Кейинги асрларда Амир Темур ва Темурийлар тарихига бағишланган тадқиқотлар сони ортиб борди. Бугунги кунда 30 дан ортиқ мамлакатда 500 дан зиёд хорижий тадқиқотчилар томонидан Соҳибқирон фаолиятига оид асарлар яратилган. Бу эса унинг шахси тарихий феномен даражасига кўтарилганини кўрсатади.
1968 йилда Иброҳим Мўминов томонидан ёзилган “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” рисоласининг нашр этилиши бу мавзуга илмий қизиқишни яна жонлантирди.
Бу асар Соҳибқирон фаолиятига нисбатан холис ва илмий ёндашувни тиклашга хизмат қилди. Амир Темур образи нафақат тарихий, балки бадиий асарларда ҳам кенг ёритилган. Масалан, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драматик достони Соҳибқирон шахсини миллий руҳ ва ғурур тимсоли сифатида тасвирлайди. Шунингдек, Жумабой Раҳимовнинг “Буюк давлат арбоби ва улуғ саркарда” асари Амир Темурнинг давлат бошқаруви ва ҳарбий санъатдаги ўрнини илмий-оммабоп тарзда ёритади.
Амир Темур шахси турли давр ва ҳудудларда турлича баҳоланган бўлса-да, унинг жаҳон тарихидаги ўрни ниҳоятда юксак. Шарқ манбаларида у адолатли давлат арбоби ва бунёдкор сифатида тасвирланган бўлса, Европа манбаларида кўпроқ қудратли саркарда сифатида ёритилган.
Бугунги кунда Амир Темур мероси нафақат тарихий, балки илмий ва маданий жиҳатдан ҳам чуқур ўрганилмоқда ҳамда унинг инсоният цивилизацияси ривожидаги ўрни тобора кенг эътироф этилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА