Аминманки, сизлар билан биргаликда янада юксак натижаларга, албатта, эришамиз – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этди.
– Биз бундан буён ҳам мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттирамиз, – деди Президентимиз.
Махсус иқтисодий зоналарда инвестиция ҳажми ва белгиланган шартларга қараб, 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда. Йирик инвесторларга тайёр ишлаб чиқариш бинолари, ер майдонлари ва зарур муҳандислик инфратузилмаси тақдим этилмоқда.
Бунинг ёрқин мисоли – Тошкент вилоятида ташкил этилган 100 гектарлик “Ostim” саноат зонасидир. Ҳозирда мазкур зонани кенгайтириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз ушбу ижобий тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
– Аминманки, сизлар билан биргаликда янада юксак натижаларга, албатта, эришамиз. Бу борада барчангизга улкан ютуқ ва омадлар тилайман, – деди Президентимиз сўзининг якунида.
Туркия компаниялари раҳбарлари Президентимиз билан мулоқотда уларнинг фаолиятига яратилаётган кенг имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимизда амалга ошираётган лойиҳалари ва келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб бердилар, ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини баён қилдилар.
ЎзА