Америкалик таржимон билан учрашув
Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи илк бор ўзбек тилидан инглиз тилига америкалик таниқли таржимон ва тадқиқотчи Марк Эдвард Риз томонидан таржима қилиниб, Америка Қўшма Штатларида «Бйгоне дайс» номи остида китоб ҳолида чоп этилди.
Аввалги хабарларимизда Марк Риз айни пайтда юртимизда бўлиб, таржимон билан турли хил ижодий учрашувлар ташкил этилаётгани ҳақида маълумот берган эдик. Шундай учрашувлардан бири Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги Абдулла Қодирий номидаги Ижод мактабида бўлиб ўтди.
Бу ерда «Ўткан кунлар» романининг инглизча таржимаси тақдимоти бўлди. Янги китобнинг илк нусхалари АҚШдаги давлат ташкилотлари, етакчи олий таълим муассасалари ва ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакилларига тарқатилди. Шунингдек, у АҚШнинг энг йирик кутубхонаси – Конгресс кутубхонаси каталогига киритилди. Шунингдек, ушбу асар э-боок шаклида ҳам чоп этилган.
– Менинг таржимам 1926 йилдаги жадид тили бўлмиш араб ёзувидан кирилл ёзувига ўгирилган асл матндан таржима қилинган. Қидирув давридаги Марказий Осиё, у даврдаги маданий муҳитни тушунтириб бериш учун таржимага 500 га яқин изоҳ қўшганман, – дейди Марк Риз. – Ўзбек тилшунослари ва адиблари уни кўриб чиқиб, таҳрирлашга ёрдам берган.
Тадбир давомида таржимон Марк Риз мактаб ўқувчилари томонидан берилган саволларга жавоб берди.
Ўзбекистон давлат драма театрининг маҳоратли актриса ва актёрлари томонидан намойиш этилган «Ўткан кунлар» романидан парча тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ва Ижод мактаби ўқувчиларига манзур бўлди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА