Америкадаги ўзбек боғчаси (+видео)
Атлантика океани ортида, АҚШнинг Пенсильвания штатидаги Филадельфия шаҳрида ўзбек тили янграйди, миллий қўшиқлар куйланади, анъаналаримиз эъзозланади. Бу ерда фаолият юритаётган "Бахтли кунлар“ (Happy Days) болалар боғчаси нафақат кичкинтойлар таълим-тарбияси, балки миллий ўзликни асраб-авайлаш ва қадриятларимизни ёш авлодга етказишга хизмат қилаётган маскан сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Фаолияти йўлга қўйилганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, боғчада болаларнинг мазмунли дам олиши, илк таълим кўникмаларини эгаллаши ва замонавий усуллар асосида тарбияланиши учун зарур шароитлар яратилган. Бу ерда ҳар бир машғулот болажонларнинг қизиқишларини ошириш, уларнинг қобилиятларини ривожлантириш билан бирга, миллий маданиятимизга меҳр уйғотишга ҳам йўналтирилган.
Боғча мудираси Нигина Ғаффорованинг таъкидлашича, ота-оналар кўрсатилаётган хизматлардан мамнун. Фарзандларини ушбу масканга бериш истагида бўлган оилалар сонининг ортиб бораётгани эса жамоа меҳнатига билдирилаётган ишонч ифодасидир.
Боғчанинг эътиборга молик жиҳати шундаки, бу ерда таълим-тарбия жараёни миллий қадриятларимиз билан уйғунлаштирилган. Болаларга ўзбек халқининг бой маданий мероси, урф-одатлари ва анъаналари ўргатилади. Улар ўзбек ва инглиз тилларида қўшиқлар куйлаб, шеърлар айтиш орқали тил кўникмаларини ривожлантирадилар. Айниқса, миллий қўшиқларимизнинг болалар репертуаридан ўрин олгани она тилимиз ва маданиятимизга бўлган меҳрни эрта ёшдан шакллантиришга хизмат қилади.
Наврўз ва Мустақиллик байрами каби муҳим саналар бу ерда алоҳида тайёргарлик билан кутиб олинади. Болажонлар байрам дастурларини тайёрлаб, миллий қўшиқлар ижро этадилар, шеърлар айтадилар ва рақсга тушадилар. Уларнинг миллий либосларда чиқиш қилиши эса тадбирларга ўзгача кўрк бағишлайди. Шу тариқа, минглаб чақирим олисда ҳам ўзбекона байрамлар руҳи, миллий санъатимиз ва анъаналаримиз болалар ҳаётининг бир қисмига айланмоқда.
Боғча мудираси ўринбосари Мадина Зойитованинг айтишича, болаларнинг она тилини сақлаб қолиши ва уни пухта ўзлаштиришига ҳам жиддий эътибор қаратилади. Ўзбек тилида эркин мулоқот қилишлари учун зарур шароитлар яратилган. Зеро, тилни болаликдан ўрганиш нафақат сўзлашув кўникмасини, балки ўзликни англаш ва миллий илдизларга дахлдорлик туйғусини ҳам мустаҳкамлайди.
Миллийлик боғчанинг дастурхонида ҳам намоён бўлади. Болажонларга вақти-вақти билан ўзбек миллий таомлари тайёрлаб берилади. Бу каби анъаналар болаларни миллий таомларимиз билан таништириш, уларда ўзбекона қадриятларга нисбатан қизиқишни оширишга хизмат қилади.
Филадельфиядаги “Happy Days” болалар боғчаси тажрибаси бир ҳақиқатни эслатади: инсон қаерда яшамасин, унинг тили, маданияти ва миллий қадриятлари авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавий таянчдир. Болаларга ўзбек тилини ўргатиш, миллий қўшиқларимизни куйлатиш, байрамларимизни нишонлаш ва анъаналаримизни танитиш орқали бу маскан ана шу эзгу мақсадга ҳисса қўшмоқда.
Зеро, миллий меросни асраш фақат ўтмишни ёд этиш эмас, балки уни келажакка етказиш ҳамдир. Олис Америка заминида болажонлар қалбига ўзбекона меҳр, она тилига ҳурмат ва миллий қадриятларга садоқатни сингдиришга интилаётган бундай ташаббуслар халқимизнинг маънавий бойлигини асраб-авайлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Баҳодир Шаропов, ЎзА
Филадельфия, АҚШ