Амалий махсус-тактик ўқув-машқи ўтказилди
“Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар ҳамда ёнғинлар содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш, юқори қаватларда қолиб кетган ишчи-ходимларни эвакуация қилиш бўйича ҳамкорликдаги амалий махсус-тактик ўқув-машқи бўлиб ўтди.
Ўқув-машқи давомида корхонада содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар бўйича қутқарув ҳаракатлари машқ қилинди. Унга кўра ер қимирлаши содир бўлган тақдирда қутқарув кучларининг ҳаракати, ёнғиндан содир бўлган йирик аварияларни бартараф этиш, аҳолини эвокуация қилиш ва жойлаштириш, вайроналар остидан жабрланганларни қидириш, қутқариш, кучли таъсир этувчи зарарли моддаларнинг сизиб чиқиши оқибатида жабрланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш, зарарсизлантириш каби тадбирлар ўтказилди.

Машқлар давомида тезкор хизматларга хабар бериш ва огоҳлантириш, ёнғинни бартараф этиш учун жалб қилинадиган куч-воситаларни тўғри йўналтириш, жабрланганларни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳаракатлари амалий тарзда кўрсатилди.
Амалий махсус-тактик ўқув машқига Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий гвардия, шунингдек корхонанинг энг замонавий техникалари, мутахассислари жалб этилди.
Тадбир якунида фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА