Амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди
Бухоро вилояти адлия бошқармаси, туман (шаҳар) адлия бўлимларига жорий йил биринчи ярим йиллигида 3 минг 859 та ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушган. Мурожаатларнинг 3 минг 497 таси ҳал этилган. Шундан 2 минг 748 та мурожаат ёки 78 фоизи қаноатлантирилган. Бундан ташқари, 749 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. 126 та мурожаат тегишлилигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилган.
Бухоро вилояти адлия бошқармасида жорий йилда амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди.
Журналистлар бошқарма томонидан мурожаатларни кўриб чиқилиши натижаси бўйича мансабдор шахсларга қандай чоралар кўрилганлиги билан қизиқди. Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан жами 806 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 209 та таклиф ва 2029 та огоҳнома киритилган. Киритилган тақдимномаларга асосан интизомий жавобгарликка тортилган шахслар сони 525 тани ташкил қилган. 209 та шахслар эса маъмурий жавобгарликка тортилган. Бугунги кунда қолдиқдаги 69 та тақдимнома ва 34 та маъмурий таклифлар тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Судларга киритилган даъво аризалари ҳам оммавий ахборот воситалари вакиллари қизиқишини уйғотди. Таъкидланишича, вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2022 йил биринчи ярим йиллигида фуқаролар манфаатини кўзлаб, уларнинг бузилган қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга киритилган 1 501 та 24 миллиард 458 миллион 951 минг 44 сўмлик даво аризалар судлар томонидан қаноатлантирилган.
[gallery-8555]
Анжуманда Бухоро вилоятидаги туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилган хизматлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра жорий йилнинг 6 ойи давомида 339 382 та давлат хизматлари кўрсатилган. Бундан ташқари, ҳисобот даврида вилоят бўйича 8 582 та ЯТТ, 2 501 та юридик шахслар рўйхатдан ўтган, 2355 та тадбиркорлик субъектлари қайта рўйхатдан ўтказилган ва вилоят аҳолиси томонидан 45 469 та масофадан туриб (онлайн) давлат хизматларидан фойдаланилган.
ФҲДЁ органлари томонидан 19521 та туғилиш, 6532 та никоҳни қайд этиш, 1423 та никоҳдан ажралганлик, 4 655 та ўлим қайд этилган. Шунингдек, ҳисобот даврида 796 та оталикни белгилаш ҳамда 140 та фарзандликка олиш амалга оширилган. Шунингдек, 107 нафар фуқароларнинг фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш хизматлари амалга оширилган.
Бошқарма бошлиғи Анвар Раҳматов ОАВ вакилларини соҳа бўйича қизиқтирган саволларига жавоб берар экан, бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди. Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид 14 та мурожаатлар келиб тушган ва уларга асосан ўтказилган ўрганишлар давомида 13 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан жами 2 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 9 та таклиф, 1 та жиноий таклиф ва 85 та огоҳнома киритилган. Киритилган тақдимномаларга асосан 2 та товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгилари бартараф этилган. 9 та шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
– Матбуот анжумани очиқ ва самимий тарзда ўтди, – дейди Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Асадов. – Анжумандан журналистлар тегишли хулоса олди. Бу тизим ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Янги қабул қилинган қонун ҳужжатларни айнан адлия бўлимлари бизга содда ва тушунарли қилиб етказади. Ҳақиқатдан ҳам адлия барча учун очиқ тизимга айланган.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА