Амалга оширилган ҳамкорлик меморандумининг афзалликлари
Давлат хизмати тизими учун рақобатбардош, замонавий билим ва бошқарув кўникмаларига эга мутахассисларни тайёрлаш бугунги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу борада таълим муассасалари билан давлат идоралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар ўз самарасини бермоқда.
Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Жиззах вилояти филиали ҳамда Жиззах политехника институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат давлат хизмати учун юқори малакали, кенг дунёқарашли ва замонавий фикрлайдиган кадрларни тайёрлаш, таълим жараёнини давлат бошқаруви амалиёти билан узвий боғлаш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қиладиган мустаҳкам ҳамкорлик пойдеворини яратди.
Меморандумда белгиланган вазифалар инсон капиталини ривожлантириш ва давлат хизмати салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли йўналишларни ўз ичига олади. Хусусан, давлат хизмати учун малакали кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг давлат органлари, ташкилотлар ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларида амалиёт ва стажировка ўташини ташкил этиш, истиқболли ёшларни саралаб олиш, уларнинг салоҳиятини баҳолаш ва келгусида давлат хизматига жалб этиш ишлари тизимли асосда йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида “Янги авлод муҳандис-бошқарувчилари” дастурини амалга ошириш, “Атом энергетикаси учун янги авлод кадрлари” мақсадли дастурини ташкил этиш, давлат хизматчилари учун ўқув курслари, малака ошириш машғулотлари, тренинглар, семинарлар ҳамда сертификат дастурларини ўтказиш, давлат бошқарувида учраётган долзарб муаммоларга илмий-амалий ечимлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Меморандумнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у талабаларнинг назарий билимларини амалий тажриба билан бойитишга кенг имконият яратади. Бу орқали ёшлар давлат хизмати, ҳудудий бошқарув, саноат тармоқлари ва инвестиция лойиҳалари фаолияти билан яқиндан танишиб, замонавий бошқарув тамойилларини бевосита иш жараёнида ўзлаштириш имконига эга бўлишади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматини тубдан такомиллаштириш, кадрлар сиёсатига илғор ёндашувларни жорий этиш ва профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жиззах вилоятида имзоланган мазкур меморандум ана шу стратегик вазифаларнинг амалдаги ифодаси бўлиб, давлат хизмати, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро интеграцияни янги босқичга олиб чиқади. Энг муҳими, у иқтидорли ёшларни эрта кашф этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва келажакда мамлакат тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган раҳбар кадрларни тайёрлашда мустаҳкам амалий асос бўлиб хизмат қилади.
Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Жиззах вилояти филиали томонидан таълим муассасалари билан йўлга қўйилаётган бундай ҳамкорлик давлат хизмати учун билимли, ташаббускор, ватанпарвар ва юксак масъулият туйғусига эга янги авлод мутахассисларини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири