Ҳам тарихий, ҳам замонавий китоб
Кейинги уч йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонликка эътибор кучайди.
Мутолаа
Кейинги уч йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонликка эътибор кучайди. Мутолаа умуммиллий маънавиятимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бу, албатта, бежизга эмас. Биз бир пайтлар оила даврасида, дўст-биродарлар даврасида Навоийхонлик, Бедилхонлик, Машрабхонлик, Яссавийхонлик қилингани ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. Лекин тан олиб айтиш керакки, кейинги йилларда китоб ва китобхонликка эътибор сусайиб кетган эди. Шу боис давлатимиз раҳбари китобсиз, яъни илмсиз фаровон келажакка эришиб бўлмаслигига ўз вақтида эътибор қаратди.
Сиз-у бизни, фарзандларимизни китобга ошно бўлишга даъват этди. Бу жараёнда доно халқимизнинг бой мероси, асрлар оша яшаб келаётган мумтоз асарлар мутолааси, уларнинг қайта нашр этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, инсониятнинг маънавий мулки бўлган шундай бебаҳо мумтоз асарлар борки, вақт, замонлар ўтиши билан уларнинг қадри, аҳамияти, қиммати ортса ортадики, асло камаймайди. Шунга мутаносиб равишда, бундай асарларнинг мухлислари ҳам, ўқувчилари ҳам тобора ортиб бораверади.
Тарбия ва одоб, бошқарув ва ижронинг муҳим масалаларини ўз ичига олган, жаҳон дурдона асарларидан бири ҳисобланган “Қобуснома” ҳам шундай бебаҳо хазиналар сирасига киради.
XI асрнинг охирларида араб тилида яратилган, 44 та алоҳида боб ва 56 та мўъжаз ҳикоятлардан иборат мазкур китоб қисқа вақт ичида тилдан-тилга тушиб, рус, инглиз, немис, француз, ҳинд, турк ва бир қанча бошқа тилларга таржима қилинган. Жумладан, 1860 йилда атоқли ўзбек шоири ва мутафаккири Огаҳий ҳам “Қобуснома”ни ўзбек тилига ўгирган.
Катта авлод вакиллари яхши эслашади, шўро даврида фан арбоби Субутой Долимов ва педагогика фанлари доктори Улуғбек Долимов томонидан қайта нашрга тайёрланган, “Ўқитувчи” нашриётида чоп этилган “Қобуснома” китоби адабий жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотганди.
Маълумки, ҳар қандай таржима асар ҳам вақт ўтиши билан айрим истилоҳларга, ўзгартиришларга эҳтиёж сезади. “Қобуснома” таржимасида ишлатилган кўплаб сўзлар, ўхшатишлар бундан икки ярим аср аввал истеъмолда бўлган. Ваҳоланки, асар бугун осон ўқилиши, айниқса, ёшлар уни мутолаа қилиб, яхши тушунишлари лозим. Шу жиҳатлари эътиборга олиниб, “Қобуснома” ўзбек тилига кириб келган замонавий сўзлар билан қайта таржима қилинган. Муҳими шундаки, янги таржимада ҳам асарнинг мазмун-моҳияти, муаллифнинг насиҳат йўли ҳамда Огаҳийнинг ўзига хос услуби сақланиб қолинган.
Очиғи ҳар бир инсон ҳаётида қайсидир китоб алоҳида ўрин тутади. Менинг ҳаётимда ҳам шундай китоблар кўп бўлган. Тўққиз-ўн ёшларимда отам кимнингдир китоб жавонидан келтириб берган “Қобуснома”ни ўқиб, ҳаётнинг айрим мураккаб сир-асрорларини шу китобдан ўргангандим. Шундан буён “Қобуснома”ни тўлиқ ҳолатда бирон-бир китоб савдосида учратмагандим. Янги ва тўлиқ нашр этилган ушбу маънавият хазинасини қайта ўқиш ва фарзандларимга етказиш бахтига муяссар бўлдим. Йўқса, отамнинг олдида қарздор бўлиб қолган бўлардим.
Биз, ўқувчилар учун қизиғи шундаки, “Қобуснома” маънавият, маърифат, шарқона одоб-ахлоқ, қадимшунослик, шарқшунослик билан шуғулланишга масъул идоралар томонидан эмас, айнан Тошкент шаҳар прокуратурасининг ташаббуси билан қайта чоп этилганидир.
Кимлардадир “Қобуснома”нинг янги нашрини тайёрласа, нима бўлибди?” деган савол туғилиши табиий. Эътироф этиш жоизки, аввало, прокуратура органларининг китобга бўлган муносабати Президентимизнинг китобхонликни ривожлантириш ҳақидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали рўёбга чиқарилишидадир. Қолаверса, мазкур китобнинг бош мақсади ҳаммамиз учун муҳим бўлган олий қадрият – одоб билан боғлиқ. Одоб бор жойда, ҳаммамизга маълумки, жиноятчилик бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, “Қобуснома”нинг прокуратура томонидан қайта нашр этилиши, шубҳасиз, кейинги вақтларда унутилиб борилаётган, аммо ҳаётимизда кўп минг йиллар давомида алоҳида ўрин тутган “одоб”ни қайта тиклаш, ўқувчилар онгини шарқона одоб ва ахлоқ қоидалари билан бойитиш учун хизмат қилади. Ваҳоланки, инсоният тарихида одоб-ахлоқ қоидаларининг ўрни беқиёс бўлган.
Прокуратура раҳбариятининг бундай муҳим ишни ўз зиммасига олиши аҳоли, айниқса,ёш авлод маънавиятини юксалтиришда муҳим восита бўлиши билан аҳамиятлидир.
Шу маънода, Тошкент шаҳар прокурорининг ўз ишидан ортиб, “Қобуснома”дек буюк асарнинг қайта нашрга тайёрланишида бош-қош бўлишини давлат раҳбари чақириғига жавоб сифатида баҳолаш лозим. Қолаверса, бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари учун ҳам Алишер Навоий дунёни қалам билан эгаллаганидек, китоб билан жиноятчиликнинг олдини олишда Баҳриддин Валиевнинг саъй-ҳаракатлари ибратлидир.
Таъкидлаш жоизки, Б.Валиев ва М.Шодмонов томонидан нашрга тайёрланган китоб яқинда “Муҳаррир нашриёти”да ташки кўриниши ҳам китобхонни ўзига ром этадиган шаклда чоп этилди. Унинг яна бир эътиборга молик томони, халқимизнинг севимли фарзанди, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов томонидан ўқилган овозли диск китобга илова қилинган бўлиб, айниқса, замонавий ёшлар учун аудиокитоб шаклида фойдаланиш, кексалар учун эса бемалол чой ичиб ўтириш жараёнида мириқиб эшитиш имконини беради.
Шубҳасиз, янги китоб кадрларни, айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, билими, дунёқараши ҳамда касб-маҳоратини оширишда, уларнинг янада халқпарвар ва адолатли бўлишида, энг муҳими, ёшлар онгига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдиришда оммабоп ҳуқуқий аҳамиятга эга қимматли манба бўлиб қолади.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси