"ALYORTEKS” солиқдан қарздор эди, пул эса "Андижон ёғ-мой" акциядорлик жамиятидан ундирилди
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан суд ҳужжатларига асосан, белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлашни пайсалга солаётган жисмоний ва юридик шахслардан қарзларни ундириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жалақудуқ тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан олиб борилган тадбирлар давомида тумандаги “ALYORTEKS” масъулияти чекланган жамиятининг солиқдан бўлган 2 миллиард 55 миллион 771 минг сўм миқдордаги қарздорлигини ундириш самара бермаганлиги туфайли туман солиқ инспекцияси томонидан солиқ мажбурияти бўлган хўжалик субъектининг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Мазкур қарорга асосан, Мажбурий ижро бюроси Жалақудуқ туман бўлими томонидан белгиланган тартибда ижро иши қўзғатилиб, қарздорликни бартараф этиш юзасидан тарафлар тегишли тартибда огоҳлантирилди.
Мажбурий ижро бюроси Жалақудуқ туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, “ALYORTEKS” МЧЖ олдида «Андижон ёғ-мой» акциядорлик жамиятининг 2,8 миллиард сўм миқдорида дебитор қарздорлиги бўлган. Уни бартараф этиш бўйича белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.
«Андижон ёғ-мой» АЖнинг дебитор қарздорлиги ҳисобидан “ALYORTEKS” МЧЖнинг солиқдан бўлган қарздорлигини сўндириш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Жалақудуқ туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг тегишли моддаларига асосан қарздорнинг ҳисоб рақамига инкасса топшириқномаси қўйилди.
Натижада «Андижон ёғ-мой» АЖ ҳисобидан “ALYORTEKS” МЧЖнинг солиқдан бўлган 2 миллиард 55 миллион 771 минг сўм миқдоридаги қарздорлиги давлат фойдасига тўлиқ ундиришга эришилди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА