Алпомишни жаҳонга танитган заҳматкаш олим
Миллатнинг ўз қиёфасини сақлаб қолишида халқ оғзаки ижоди, унинг бой маънавий мероси, достонлари муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик, фольклоршунослик илмининг дарғаси Тўра Мирзаев халқ ижодиёти, достончиликка умрини бахшида этган фидойи устозлардан эди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида устоз фольклоршунос Тўра Мирзаев таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб “Туркий халқлар фольклорининг қиёсий тадқиқи: локал хусусиятлар ва илмий назарий ёндашувлар” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда ўзбек фольклоршунос олимининг заҳматли ва фидокорона меҳнатлари хусусида батафсил сўз юритилди.

Анжуманда эътироф этилганидек, академик Тўра Мирзаев ўзбек фольклоршунослик фанининг чинакам дарғаси, билимдони, фидойиси эди. Устоз наинки йирик олим, балки ўзбек халқ оғзаки ижодини дунёга танитган заҳматкаш тадқиқотчи сифатида тарихда қолди.
Тўра Мирзаев “Алпомиш” достонининг турли вариантларини нашрга тайёрлаш ва тадқиқ этишга улкан ҳисса қўшган инсон сифатида кенг жамоатчилик ва халқимиз учун қадрли. Унинг саъй-ҳаракатлари билан кўплаб халқ бахшиларининг ижоди илмий асосда ўрганилган ва сақлаб қолинган.
Устоз тадқиқотчи кўплаб шогирдлар тарбиялаган ва ўзбек фольклоршунослигида “Тўра Мирзаев мактаби”ни шакллантириб, умрини шу соҳага бағишлаган инсон эди. Унинг “Устозлар, сафдошлар, издошлар” китоби адабиётшунослик оламида юксак қадрланади.

Унинг илмий мероси бугунги кунда ҳам ўзбек миллий қадриятларини ўрганишда энг муҳим манбалардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқуловнинг фикрича, Тўра Мирзаев илмий давраларда наинки йирик олим, балки ўзбек фольклоршунослигининг "устуни" ва "виждони" сифатида эътироф этилади. Тўра Мирзаев "Алпомиш" достонининг вариантларини қиёсий ўрганиш орқали ўзбек эпосшунослигида инқилоб қилган, бу борадаги ишларини тадқиқ ва тарғиб этишда илмий жасорат кўрсатган инсон сифатида шогирдлари ва дунё олимлари эътирофига сазовор бўлган инсон эди.
– Айнан Тўра Мирзаевнинг хорижий олимлар билан ўрнатган алоқалари туфайли ўзбек достончилиги мактаби дунёдаги етакчи илмий марказлар томонидан тан олинган, – деди адабиётшунос, фольклоршунос олим, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқулов. – Тўра Мирзаев “Алпомиш” достони нафақат ўзбек халқи, балки бутун башариятнинг ноёб маданий мероси эканини илмий асослаб берди. Бунинг натижасида ўз даврида ЮНЕСКО достоннинг 1000 йиллигини нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди.
Қизиқарли мавзуларга бой бўлган мазкур халқаро анжуманда дунёнинг турли давлатларидан келган фольклоршунос олимлар қатнашди.
Анжуман давомида иштирокчилар “Алпомиш”, “Қўрқут ота”, “Гўрўғли”, “Ҳоди Зариф”, “Машриқо” каби йиғинларга бўлинган ҳолда мавзуга оид маърузаларни атрофлича муҳокама қилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири