Ҳалолликни касб этган эди...
Ардоқли шоиримизнинг бу характери ўғлида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, ижод бобида ҳам. Қуйида Пўлат Мўминнинг ўғли Озод Мўмин Хўжанинг отаси ҳақида ёзган хотираларини ўқийсиз.
Устоз дуоси
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пўлат Мўмин замонавий ўзбек адабиётида ўзига хос ўрнига эга ижодкор эди. Содда яшади, камтарлиги билан бошқаларга ўрнак бўлди, эътиқоди бутлиги боис эл орасида эъзоз топди. Зўр истеъдоди билан XX аср ўзбек болалар адабиётини бойитди. Саводи чиқиб мактаб остонасига қадам қўйган ҳар бир ўзбек боласи Пўлат Мўмин шеърларини ёд олган, қўшиқ қилиб куйлаган. Унинг ёзганлари бадиий жиҳатдан сермаъно ва содда бўлгани учун каттаю кичикка бирдек манзур бўлиб келади.
Ардоқли шоиримизнинг бу характери ўғлида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, ижод бобида ҳам. Қуйида Пўлат Мўминнинг ўғли Озод Мўмин Хўжанинг отаси ҳақида ёзган хотираларини ўқийсиз.
– Мен отам ҳали кўп яшайди, деган ишончда эдим. Саксондан ўтган бўлсада, тиним билмай ижод қиларди, уларни бир кун радиода, бир кун газета, журнал таҳририятида, бошқа куни телевидениеда ёки нашриётларда кўришарди. Турли танловлар дейсизми, китобхонлар билан, ёшлар билан учрашувлар дейсизми, анжуманларми – барчасида иштирок этарди, тин олмасди. “Ўғлим, ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтама. Инсон ўз ҳаётида кўпроқ иш қилиб улгуриши керак” дея насиҳат қиларди.
Доим янги-янги йўналишлар очишга уринарди ва муваффақиятга эришарди. Истиқлол йилларида, мен физика бўйича тадқиқотлар олиб боришни тўхтатдим. Аниқ фанлар билан эмас, ижод билан шуғулланишим кераклигини англадим. Қалбим кўпроқ адабиёт оламига мойил эканлигига ҳис қилдим. Чунки, бу дунёга келган ҳар бир одамнинг ҳаётда бажариши керак бўладиган вазифаси бор. Шунинг учун, бор шароит ва имкониятдан фойдаланиб хусусий нашр очдим. Мақсадим – фантастика соҳасидаги китобларни чоп этиш ва тарғиб қилиш эди. Аммо иш бошлашим билан турли таклифлар ёғила бошлади. Фахр билан эслайман, ватанимизда ҳадислар соҳасида илк нашр этилган “Минг бир ҳадис” китоби чоп этилишига ҳамкорлик қилдим. Отам бу китобни ўқиб ҳадислар асосида фардлар битишни бошлаган. Уларни ҳам чоп этдик. Тўплам “Ҳадис ила дардларим – айтар менинг фардларим” номи билан дунё юзини кўрди.
Отам ўзбек адабиётида қадимда кўп қўлланилган шеърий шаклларда ижод қила бошлаган эди. Ёшликларида мулоқот қилган машҳур ижодкорлар Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир ва бошқа адабиёт намоёндалари ҳақида эсдаликлар битарди. Ўзлари шахсан таниган, билган санъаткорлар, олимлар, арбобларга шеърий бағишловлар ҳам ёзарди. Қўшиқчилар деярли ҳар ҳафта уйимизга келарди. “Пўлат ака, сизнинг шеърларингиз шундоқ қўшиққа тушади-қўяди. Янгиларидан бўлса берсангиз” дерди.
Отам шижоат билан ишларди. Шунинг учунми, отамнинг вафоти фақат мен учун эмас, балки жуда кўп ижод аҳли учун ҳам кутилмаганда, очиқ кунда янграган момоқалдироқдек таъсир қилди. Таъзияга келиб, “Вой, кечагина нашриётда кўргандим... Йўғ-е, ўтган куни радиога келганди-ку... Уч кун илгари Навоий кўчасида ўй суриб кетаётганига кўзим тушганди…” каби гапларни айтганлар кўп бўлди. Очиғини айтсам, отамнинг вафоти менга қаттиқ зарба бўлди.
Отам кейинги йилларда “Халқ шоири” унвонига эгалик қилаётган, аммо ўзларини халқ эшитмаган, билмаган, шеърларидан ҳеч ким баҳра олиб қониқмаётган ижодкорлардан фарқли ўлароқ, чинакам халқчил адиб бўлган экан. Ўзлари гоҳо-гоҳо айтарди: “Унвонлар берилмайди, балки олинади”. Лекин унвон оламан деб, бирор жаҳду жадал қилганини сезмаганман. Шунинг учунми, ХХ асрнинг 60-йилларидан сермаҳсул ижод қилган ва ном қозонган бўлсалар-да, фақат 1991 йилда ёши 70 га яқинлашганда “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” шарафига эришганди.
Кўпчилик Пўлат Мўминни минбарга чиқиб ўзини кўрсатувчи эмас, ўта камтар шоир сифатида биларди. Мустақиллик йилларининг бошларида турли анжуман ва йиғинларда микрофонни маҳкам ушлаб, ўзини кўрсатишгами ё бошқа мақсаддами оғиз кўпиртирувчилар урчиб кетганди. Улар ҳақида шеър ҳам битганди: “Шаллақилар, шаллақилар – гап топмаса, калла қилар!..”.
Отамни жуда соғинаман. Кўргим, гаплашгим келади. Наилож – ҳаёт шундай бешафқат. Ҳаётимни икки қисмга ажратганман – отамнинг ҳаёт пайти ва кейинги давр. Бирор воқеа ёдимга тушса, отам тирик вақти рўй берган эди, деб ўйлайман ёки ундан сўнг эди, деган хулосага келаман...
ЎзА мухбири Дилобар Маматова ёзиб олди.