Алоҳида таълим эҳтиёжи мавжуд ўқувчилар билан ишлаш янги босқичга кўтарилади
Андижон вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан "Мактаблардаги алоҳида таълим эҳтиёжлари мавжуд ўқувчилар билан ишлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда бошқарма бошлиғининг ўринбосари Гулҳаё Омонова, бошқарма ҳамда Ижтимоий ҳимоя агентлиги вилоят бўлими мутахассислари, инклюзив синфлари мавжуд мактаблар раҳбарлари иштирок этди. Тадбирда мактабларда алоҳида таълим эҳтиёжлари мавжуд ўқувчилар билан ишлаш борасида олиб бориладиган ишлар, муҳим вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди.


Давра суҳбати давомида мутахассис ва иштирокчилар томонидан мактабларда "Тўсиқсиз муҳит"ни яратиш, алоҳида таълим эҳтиёжлари мавжуд ўқувчилар билан ишлашни янги босқичга кўтариш, мазкур жараёндаги замонавий ёндашувлар, таълим жараёнини самарали ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирилди.


Шунингдек, бошқарма кадрлар бўлими, комплаенс назорат хизмати ҳамда Ижтимоий ҳимоя агентлиги масъуллари томонидан иштирокчиларга алоҳида таълим эҳтиёжи мавжуд ўқувчилар билан ишлашда индивидуал ёндашувни таъминлаш ҳамда уларнинг ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича тушунтиришлар, бу борадаги ишларни белгиланган тартиблар асосида олиб бориш юзасидан тавсиялар берилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири