Ғаллаоролда учта янги боғча иш бошлади
Давлат хусусий шерикчилик асосидаги муассасаларидан бири туманнинг олис ҳудудларидан бири Лалмикор қишлоғида фаолият бошлади.
Давлат хусусий шерикчилик асосидаги муассасаларидан бири туманнинг олис ҳудудларидан бири Лалмикор қишлоғида фаолият бошлади.
– 175 ўринли замонавий таълим муассасасини қуриб ишга туширишда банкнинг 1 фоизли кредитидан фойдаландик, – дейди “Baby stars” мактабгача таълим муассасаси мудираси Зебинисо Комолова. – Замонавий лойиҳа асосида қурилган иншоотда болажонлар учун барча шароитлар яратилган. Муассасада инглиз тили ўргатиш, спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, тумандаги Кўкгумбаз қишлоғида ташаббускор Улбўсин Оманова, Сарбозор қишлоғида ташаббускор Лола Маматқулова давлат шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаларини ишга туширди.
Ушбу янги иншоотларнинг ишга туширилиши билан тумандаги жами 14 минг 200 нафардан зиёд болаларнинг 4 минг 168 нафари ёки 30 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинди. Жорий йилда туман бўйича 11 тадбиркор давлат шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаларини барпо этаётир.
Жиззах вилоятида Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан давлат шерикчилик асосидаги ва хусусий мактабгача таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг биринчи яримида 12 та давлат хусусий шерикчилик асосида фаолият кўрсатаётган мактабгача таълим муассасаларига 628,9 миллион сўм ҳамда 212 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларига 3 миллиард 774,7 миллион сўм, жами 4 миллиард 403,6 миллион сўм давлат бюджетидан субсидиялар ажратилди.