Ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш шудгор қилинади
Дўстлик туманида вилоят ва туман сектор раҳбарлари, механизаторлар ҳамда мавсумга алоқадор бошқа мутасаддилар иштирокида семинар ташкил этилди.
Жиззах вилоятида ғалла ўрим-йиғим мавсумида уюшқоқликни ошириш, дала меҳнаткашлари учун барча шароитларни яратиш, ўримни тартиб билан тизимли ташкил этиш, ғалладан бўшаган майдонни шудгорлаш ва такрорий экинларни жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокими Эргаш Солиев барча туманларда тайёргарлик ишларининг бориши билан шаҳсан танишиб, ғаллакорлар ва мавсумда иштирок этувчи соҳа вакиллари билан учрашмоқда.
Дўстлик туманида вилоят ва туман сектор раҳбарлари, механизаторлар ҳамда мавсумга алоқадор бошқа мутасаддилар иштирокида семинар ташкил этилди.
Дўстлик вилоятда энг кўп ғалла етиштирувчи туман ҳисобланади. Жорий йилда тумандаги 372 та фермер хўжалигида 13 минг 700 гектар майдондан 43 минг 800 тонна ҳосил йиғиштириб олиш мўлжалланган. Етиштирилган ҳосилнинг 6 минг тоннасини уруғлик буғдой ташкил этади.
Туманда 47 та ўрим комбайнлари ўрим учун тахт ҳолга келтирилди. Бу эса ғаллани қисқа фурсатларда, ортиқча йўқотишларсиз, нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш имконини бераётир.
Ҳозиргача ҳудуддаги иккита қабул масканлари тўлиқ тайёрлаб қўйилди. Ўрилган ҳосилни ташиш учун эса 185 та техникалар жалб этилган.
Бу йил мавсумда механизаторлар ҳамда ташувчи техникалар ҳайдовчилари манфаатдорлигига алоҳида эътибор қаратилган. Тўловлар миқдори ўтган йилгига нисбатан оширилган. Бундан ташқари, ташилган ҳосил учун кунлик меҳнат ҳақи тўлаб борилади. Транспортлар учун ёқилғи таъминоти бўйича ҳам қулай тартиб жорий этилмоқда.