Алкоголь маҳсулотлари сифатини баҳолаш бўйича Республика дегустация комиссиясининг йиғилиши ташкил этилди
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 декабрдаги 1039-сон қарори талабларига мувофиқ Республика дегустация комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ташкил этилди.
Йиғилиш давомида истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг органолептик сифат кўрсаткичлари — таъми, ҳиди, ранги ва ташқи кўриниши махсус тартиб асосида баҳоланди.
Комиссия аъзолари томонидан 200 га яқин истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулоти, шунингдек, қайта ишлаб чиқаришга қўйилган, таркиби янгиланган ҳамда янги номдаги маҳсулотларнинг истеъмол хусусиятлари ўрганилди.
Дегустациянинг асосий мақсади — маҳсулотнинг сифатини инсон сезги аъзолари орқали баҳолаш ва унинг белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш.
Бунда маҳсулотнинг таъми, ҳиди, ранги ва ташқи кўриниши билан бир қаторда, унинг сифат ва барқарорлик кўрсаткичлари ҳам инобатга олинади. Янги ёки такомиллаштирилган маҳсулотларнинг истеъмол хусусиятларини аниқлаш, ишлаб чиқариш технологиясига риоя этилганини баҳолаш ҳам дегустация жараёнининг муҳим йўналишларидан саналади.
Йиғилишда, шунингдек, маҳсулот сифати бўйича юзага келган келишмовчиликларни кўриб чиқиш, дегустация баҳолаш амалиётини такомиллаштириш ва ишлаб чиқарувчи ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.
Мутахассисларни халқаро танловларда иштирок этишга тавсия қилиш, маҳсулот сифати ва технологик жараёнларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида дегустацияга тақдим этилган маҳсулотлар, тажрибавий-экспериментал намуналар ва янги номдаги маҳсулотларни органолептик баҳолаш натижалари муҳокама қилиниб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мазкур тадбир алкоголь маҳсулотлари сифатини баҳолаш, истеъмолчилар учун хавфсиз ва белгиланган талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш ҳамда соҳадаги сифат назорати механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА