Алишер Навоий тили боқийдир!
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғова билан тилимизнинг тарихий аҳамияти, ўзбек тилининг нуфузини янада ошириш борасидаги ишлар хусусида суҳбатлашдик.
– Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 21 октябрь санаси Ўзбекистонда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгилангани тилимизнинг мавқеи янада ошишига хизмат қилади. Ҳар бир ўзбек фарзанди учун ўзбек тили энг азиз ва энг мўътабардир, десак янглишмаймиз. Шундай эмасми?
– Тангри инсонларга ўз яратиқларидан фарқли равишда тил бергани бу жуда катта неъмат. Бу улуғ неъмат ақлимизни таниганимиздан то умримизнинг охиригача қанчалик зарур эканлигини ўйлаб кўрсак, мулоҳазалар чексиз давом этади. Ҳамма яхши тилак ва орзуларимизни тил воситасида, меҳримиз, муҳаббатимиз ва хурсандчиликларимизни тилда баён этамиз. Катта мақсадлар пойдеворини йўлга қўядиган бўлсак ҳам, энг аввало, тилда келишиб оламиз. Демоқчиманки, тил жуда катта имкониятимиз эканини ҳис қилиб тушунсак, Ўзбек тили байрами қанчалик катта бир шодиёна эканлигини англаймиз.
Юртдан узоқлашсангиз, дарров унинг соғинчи кўнгилни қамраб олади. Ватан табиати, она замин, шаҳар ва қишлоғинг, туғилиб ўсган хонадонинг, атрофингдаги жонга туташ жондош қадрдонлар қанчалик севимли. Тил ҳам ҳудди шундай. Ўзимиз билан доим бирга юрган қадрдонимиз. Тил – фикру ўйимиз, ички қиёфамиз. Бу қиёфани ҳеч кимга алмаштириб бўлмайди. Бошқа тилни мукаммал ўрганган тақдирда ҳам, ўз тилингнинг завқи, сеҳри бошқача.
Миллий чолғу асбобларимизда ижро этилган куйлардан руҳий, маънавий озуқа оламиз. Ички дунёимиз кенгаяди, ёришади. Қалбимиз эзгуликка мойил бўлади. Тил ундан ҳам кўра кучлироқ восита. Негаки, мусиқанинг кучини иқтидори бор, ижодкор одамлар ҳис қилиши мумкин. Тил эса каттаю кичикка, шу юртда туғилган барчага бирдек азиз, бирдек қадрдон.
– Ўзбек миллати учун тарихий воқеа – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган илк йилларда сиз ҳам адабиётда, ҳам журналистика соҳасида фаол ижод қилган ижодкорлардан бири сифатида айтингчи, 32 йил аввал бу муҳим воқеа ўзбек ижодкорлари асарларида қандай бўй кўрсатди?
–Бу саволингиз бундан 32 йил аввалги воқеаларни ёдга солди. Ўша пайтда биз ижод оламидаги ёш, навқирон авлод эдик. Ўша пайт эски совет тузумининг емирилаётган пайти эди. Сиз ёзувчи, ижодкорлар ҳақида гапиряпсиз. Биласизми, ҳамиша жамиятдаги адолатсизликларга қарши курашган, унинг илдизини суғурмоқчи бўлганларнинг олдинги қаторларида ижодкорлар, журналистлар бўлган. Эслайман, матбуотда, телевидениеда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши бўйича жуда кўп баҳслар бўлган. Лекин ростини айтиш керак, ўша пайтда шундай бир ташкилот бўларди. Халқ эътиборига ҳавола қилинадиган кўрсатув, эшиттириш, мақолалар ўша ташкилотнинг жиддий текширувидан ўтиб, агар улар рухсат берса, босиларди, эфирга узатиларди.
Бошқарувда бир миллат ўз тили, маданияти, дунёқараши, сиёсатини барчага бирдек сингдиришга уриниши бу бошқа миллатнинг эрки, тили, маънавияти, адабий меросларининг очиқдан-очиқ камситилишидир.
1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган бўлса, бу ўша давр олимлари, зиёлилари, ижодкорларнинг ўзбек тили мақоминин етарли даражада тикланиши учун қилинган ҳаракатлари натижаси бўлган. 70-80 йиллар мобайнида ўзбек тилининг иккинчи даражага тушиб қолгани, кўча ва бозор тилига айлангани каби ижтимоий ҳолатларни тўғрилаш ҳамда улардан қутилиш учун, мана, 30 йилдан буён ҳаракатлар давом этяпти. Аммо кейинги 2-3 йилда бу борада амалга оширилган ишлар кўлами, сифати, самаралари билан ажралиб туради.
Кўриб турибмизки, Ўзбекистондаги деярли барча ташкилотларда ҳужжатлар давлат тилида юритиляпти, зарурат бўлганда бошқа тилга таржима қилиняпти. Кўчалардаги эълон, пешлавҳа, шиор ва номлар учун ҳам худди шу талаб.
Ҳар бир ташкилотга раҳбар бўладиган шахс ўз вазифасини бажариши давомида керак бўладиган мулоқотни олиб бориш даражасида ўзбек тилини билиши шарт қилиб қўйилди. Буларнинг барчаси биз – катта авлод вакиллари собиқ тузумда бир идорага кириб ўзбек тилида гапирсанг ишинг битмасдан ёки биров сенинг келган-кетганинг билан қизиқмайдиган, эътибор берилмайдиган жараёнларни кўрган одамлар бир умр кутган воқеалардир.
– Ўзбек адабиётининг забардаст вакили Эркин Воҳидов давлат тили қабул қилинган кун муносабати билан чоп этилган “Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз” мақоласида: “Мен ҳам она тилимизнинг Ҳазрат Навоий замонидаги кўрки, бўй-бастига қараб ҳавас қиламан. Қани эди, буюк шоирнинг сўз бойлиги шу кунда ҳам тўлиғича тасарруфимизда истеъфода бўлса, дея орзулар қиламан...” деб таъкидлаган эди. Дунёни Навоий кўзи билан кўриш, деган тушунчани қандай изоҳлайсиз?
–Навоий даҳоси, унинг асарларидаги фикр, уларни ифода қилган тилни мутаносиб балоғатда эканлигини ҳис қилиш керак. Дунёни Навоий кўзи билан кўриш учун, энг аввало, биз Навоийни билишимиз керак. Навоий дунёни, ҳаётни қандай қабул қилган? Мен яқинда Исажон Султонни “Алишер Навоий” романини ўқиб чиқдим. Бу асарга аввалги тарихий асарларга нисбатан тили, услуби жиҳатидан ўзига хос тарзда ёндошилган. Навоийни, Ҳусайн Бойқарони ўша даврдаги тарбияси, уларнинг дунёқараши, ички дунёсини тарбиялашга қай даражада эътибор берилгани ўзгача акс эттирилган.
Биламиз, инсон ўзи учун ибодат қилади, ўқийди, изланади, илмини оширади. Навоий асарларида шундай бир мақсад бор, яъни инсонларга хизмат қилиш, уларни рози қилиш даражаси ўз-ўзига савоб келтирадиган ибодатлардан баланд қўйилар экан. Оддий қилиб тушунтирадиган бўлсак, китоб ўқиб кимгадир фойдам тегадиган бўлса, Навоий ҳазратларида иккинчи томонни мартабаси улуғ экан. Халққа эзгу мақсад йўлида хизмат қилиш, халқни маънавиятини юксалтириш, халққа меҳрибон бўлиш Навоий фалсафасининг асоси. Навоий икки маротаба ҳажга кетаётганларида уни қолдирганларки, биринчиси халқ орасида нотинчлик бўлгани учун, иккинчиси, соғлиқларида муаммо бўлгани учун. Демак, халққа хизмат қилишни олий саодат деб билганликлари яққол намоён бўлади.
Ҳазратнинг эзгу амаллари ва ёзган асарлари халққа хизмат қилишида шу халқни мол-мулкини сақлаш, маънавиятини юксалтириш, иқтидорлиларини танлаб, ҳомийлик қилиш, мамлакатда тинчлик барқарор бўлиш учун ҳаракатда бўлиш, шу тилни, шу ўлкани, шу миллатни номини юксалтиришни ифода этади. Асарлари ғояси айнан шуларни ифода этса, асарлари шаклан ўзбек тилини қанчалик бой эканини мазмунан акс эттириш имконияти кенг эканини кўрсатади. Бу – бир томони. Агар тил масаласига қайтадиган бўлсак, ўзбек тилини ўз ижодида қурол қилиб олишининг ўзи катта жасорат. Бунинг замирида Ҳазратнинг тилни жуда яхши билишлари намоён бўлади.
“Муҳокамат ул-луғатайн” асарида бир сўзни ифодалаш учун, айтайлик “йиғламоқ” сўзини ифодалаш учун жуда кўплаб мисолларни келтирадилар. Ёинки, бир рангни неча хил кўринишларини ифодалайдилар. Демак, Навоий нигоҳи билан ҳаётга кўз ташлаш деганда бобомиздек миллатга, Ватанга, халққа, қадриятларимизга садоқат билан хизмат қилиш, уни давом эттириш, авлодларга ўрнак сифатида мерос қилиб қолдиришни тушунаман.
– Четдан кириб келаётган ҳар қандай хорижий тил таъсири она тили ва миллий маданиятга соя солиши мумкин. Ўзбек тилига чет тиллардан бошқа сўзларнинг кириб келиши — келиб чиқиши ва шаклланиши чуқур илдизга эга тилимизнинг тарихий аҳамиятига таъсир қилиши шубҳасиз. Бу борадаги мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.
–Бу фикрингизнинг бироз мулоҳазали томони бор. Четдан кириб келаётган ҳар қандай хорижий сўз демоқчисиз-да? Йўқ, ҳар қандай хорижий сўз эмас. Шундай хорижий сўзлар борки, биз ундан фойдаланамиз. Бутун дунёда қабул қилинган тил қонунияти бор. Биз дунё ҳамжамияти билан биргамиз, бир халқадамиз. Бошқа миллатдан бир нарса кириб келса, унинг номи кўплаб халқлар тилларида ўша ҳолича сақлаб қолинади. Масалан, компьютер кириб келди. Аввал юртимизда компьютер бўлмаган. Биз бунга янгидан ном қўймаймиз, тўғрими? Бунинг ҳожати ҳам йўқ. Тил қонунияти шундайлигича қабул қилинади. Кимлардир, бироз ўзгартириб ўз тилига мослаб, яна кимлардир аслича намоён қилади.
Бу дунё тиллари амалиётида бор ҳолат.
Шундай сўзлар борки, улар ўз тилимизда мавжуд. Масалан, мясоровка – бу гўшт майдалагич. Демак, унинг номини ўз тилимизда қўллаш ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб беради. Яна шундай сўзлар борки, тилимизда деярли ҳар куни қўллаймиз. Бир мақолада ўқигандим, “okay” сўзи фикрни тўлиқ ифодаламагани учун Америка Қўшма Штатларининг бирида бу сўзни ишлатиш таъқиқланган экан. Бизда эса бу сўз жуда кўп қўлланилади. Телефон сўзлашувларида, ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларда ва ҳоказо. “Оkay”ни ифодалайдиган “хўп”, “бўлади”, “маъқул”, “розиман”, “яхши”, “келишдик” ва яна бундай сўзларни давом эттириш мумкин.
Ҳолбуки, мен айтаётган ўзбекча кўринишларида фикрнинг қанақалиги аниқ кўриниб турибди. “Розиман” деганингиз ўша нарсани қабул қилганингизни билдиради. “Маъқул” десангиз, демак сизга ёққанини ифодалайди. “Okay”да фикрингиз бир жойда тўхтайди. Лекин биз бу сўзни нимасини қабул қиляпмиз? Фикрингиз номукаммаллигини билдириб турибди. Ёки “тупой” сўзини олайлик. Жуда хунук сўз. Таржимасида “ҳеч нарсани билмайдиган” деган маъно келиб чиқади. Унинг рус тилидаги келиб чиқиш ўзаги – “ўтмас”. Демак, бу одамнинг ақли кўп нарсага етмайди, деган маънода қўлланилади. Ўзбек тилида “нодон”, “ахмоқ” каби маъноларида одамнинг камчилиги кўрсатиляпти. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Куни кеча автобусда кетаётиб бир ўзбек йигитининг сўзлашуви қулоғимга чалинди. Гапираётган гапининг 60 фоизи рус тилида. Йўлда ўйлаб кетдим. Кўпинча ёшлар ўзбек ва рус тилидан олиб янги тил хосил қилгандек туюлади менга. Бир томони, баъзилар ўзбек тилини яхши билмаганидан аралаш қилиб гапиради. Лекин олифтагарчиликка гапираётганлар ҳам кўп учраб туради. Тилни онага қиёслаб “она тили” деймиз. Аёвсиз бўлса-да айтишим керак, бундай ҳолатларнинг замирида онага бўлган беҳурматлик ётади. Ёки бошқа бир аёлни олиб келиб “бу ҳам онам” демаймизку. Давлат тилини онага қиёслаб яна шу ҳолатларга йўл қўйиш бу жуда катта ҳурматсизлик ва маданиятсизлик эмасми?
Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун биз оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали юртдошларимизнинг ўзбек тилига бўлган ҳурмати, қизиқишини оширишимиз керак. Бу энг катта вазифалардан бири. Чунки давлат ва ҳукумат чиқарган қарорлар қанчалик аҳамиятли ва долзарб бўлмасин тил – халқники. Шу қарорларнинг амалга ошиши учун биргаликда ҳаракат қилинмаса, амалий ишлар йўлга қўйилмаса мақсадга эришиш узоқлашади.
– Жуда ўринли фикрларни таъкидладингиз. Яна бир мулоҳазага ундайдиган савол: тилимизда йўқолиб бораётган баъзи соф ўзбекона сўзларни халқ орасида сақланиб, мулоқотда қўлланилишини мустаҳкамлаш учун қандай зарурий чораларни кўриш керак, деб ўйлайсиз?
– Дунёнинг кўплаб мамлакатларида тилимизда сўзлашувчилар бисёр. Ижтимоий тузумларнинг оқибатида тилимизда муаммолар кўпайиб кетган. Тилимиздан йўқолиб бораётган баъзи соф ўзбекона сўзларни халқ орасида сақланиб, мулоқотда қўлланилишини мустаҳкамлаш учун, энг аввало, оилада болага китоб ўқишга эътибор ва имконият яратиш керак. Моддий жиҳатдан тўкислик билан ҳамма ҳавас қиладиган инсон бўлиш қийин. Шунинг учун китобга ўргатиш ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан етукликка етаклайди.
Журналист Дилфуза МАҲКАМОВА суҳбатлашди.