Буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий нафақат ўзбек адабиётининг, балки жаҳон маънавий тафаккурининг йирик намояндаси ҳисобланади. Унинг бой адабий мероси асрлар давомида инсонпарварлик, адолат ва юксак ахлоқий қадриятларни тарғиб этиб келмоқда. Шу боис шоир таваллудининг 585 йиллиги юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг нишонланиб, шоир ижодига бўлган ҳурмат ва эътибор кенг намоён этилмоқда.
Корея Республикасининг Сеул шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов бошчилигида ташкил этилган тадбирда мазкур давлатдаги ватандошларимиз, жумладан, таҳсил олаётган талабалар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари иштирок этди.
Улар Алишер Навоий ҳайкали олдида тўпланиб, буюк бобокалонимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди ва гуллар қўйди.
Тадбирда таъкидланганидек, Алишер Навоийнинг бой ижодий мероси бугунги кунда ҳам маънавий куч-қудрат, миллий ифтихор ва маданий ўзликни англаш манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Сеул миллий университети докторанти Рашид Тожибоев мазкур сана муносабати билан буюк шоир ижодининг бугунги ёшлар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида ўз видеотабригида алоҳида қайд этди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Алишер Навоийнинг ҳайкаллари ва бюстлари Токио, Шанхай, Боку, Москва, Минск, Душанбе, Ўш, Сеул ҳамда Анқара каби қатор шаҳарларда ўрнатилган.
Марҳабо Ҳожиакбарова, ЎзА