Алишер Навоий ижодига бағишланган махсус концерт бўлиб ўтди
“Туркистон” санъат саройида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижодий меросига бағишланган махсус концерт бўлиб ўтди.
Унда маданият вазири ўринбосари Санжар Бобожонов, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфук Улутaш, бошқа расмийлар, маданият ва санъат намояндалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мусиқий оқшомда туркиялик бастакор, пианиночи ва хонанда Юсел Арзен ҳамда ўзбекистонлик санъаткорлар иштирок этиб, Алишер Навоий асарлари асосида яратилган мусиқий ижроларни томошабинлар эътиборига ҳавола этди.

–Алишер Навоий наинки ўзбекларнинг, балки бутун туркий халқларнинг улуғ шоири, – деди туркиялик бастакор Юсел Арзен. – Ўзбекистонда бир неча кун юриб, ҳар бир одам тимсолида Алишер Навоийни кўргандек бўлдим.

Концерт дастуридан ўзбек ва турк халқларининг муштарак маданияти, маънавий қадриятлари ва асрий дўстлигини тараннум этувчи мусиқий асарлар ўрин олди.

Буюк мутафаккир меросига бағишланган мазкур концерт икки қардош халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, миллий санъат ва маънавий меросни кенг тарғиб этиш, шунингдек, Алишер Навоий ижодининг умуминсоний аҳамиятини намоён этишга хизмат қилди.
Н.Усмонова,
ЎзА