Алишер Навоий, Бобур тилининг жаҳондаги тимсоли
“Туркистон” саройида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, турли идора ва ташкилотлар, вазирликларнинг мутасаддилари, олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

Дарҳақиқат, бугун жаҳонда 50 миллиондан ортиқ инсон она тилимиз – ўзбек тилида сўзлашмоқда. Мамлакатимизда ўзбек тилининг ривожи, унинг тараққиёт йўлига хизмат қилувчи Концепция ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур ҳужжат изчиллик билан амалга оширилмоқда. Таълим масканларида ўзбек тилини ўқитиш ва ўргатишга оид ишларни замон руҳига ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйишга долзарб масала сифатида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти томонидан она тилимиз тарғиботига оид турли ижодий лойиҳалар, танловлар, анжуманлар ўтказилмоқда, янги китоблар, қўлланмалар, луғатлар чоп этилмоқда.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид сана муносабати билан Президентимизнинг Ўзбекистон халқига байрам табриги она тилимиз ривожи йўлида янги истиқболларни очиб беришини таъкидлади.
– Давлатимиз раҳбарининг табригини катта ҳаяжон билан тингладик, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Унда она тилимиз ривожига доир долзарб вазифалар ифодаланган. Янги Ўзбекистон аталмиш гўзал Ватанимизни барпо этар эканмиз, миллат тили давлат тили, давлат тили миллат тили бўлгунича, неки савдоларни бошидан кечиргани барчамизга аён. Боболаримизнинг сўзлари ҳикмат баробарида тилимизни асраш борасидаги даъват ҳамдир. Давлатимиз раҳбари томонидан тилимиз ривожи йўлидаги илғор ташаббуслар ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Алишер Навоий номидаги Халқаро мукофотнинг таъсис этилгани, “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламининг нашр этилгани она тилимиз равнақига хизмат қилади. Адиблар хиёбонининг бунёд этилгани янги замонлар тимсоли сифатида намоён бўлмоқда. Шоир ва ёзувчиларимиз жаҳон мамлакатларида бўлиб ўтаётган адабий анжуманларда ифтихор билан иштирок этмоқда. Бу йил таваллуд санасининг 110 йиллиги кенг нишонланаётган Усмон Носир ўзининг шеърларида тилимиз ривожига оид изтиробли сатрларни битган. Шундай экан, она тилимизни эъзозлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Тадбирда озарбайжонлик навоийшунос олима Алмаз Улви Биннатованинг онлайн табриги иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
– Ўзбек тили жаҳонда Навоий тили, Бобур тилининг ўзига хос тимсолидир, – деди озарбайжонлик олима Алмаз Улви Биннатова. – Ўзбек тили байрами туркий дунёнинг ҳам катта байрамидир. Қардош ўзбек халқи билан маданий-маърифий алоқаларимиз адабиёт, тил соҳасида ҳам равнақ топиб бормоқда. Алишер Навоий турк дунёси адабиётининг тожидир. Адабиёт – катта, муқаддас майдон. Бу майдонда доим изланмоқ, ўрганмоқ, она тилини ривожлантирмоқ, асрамоқ керак.
Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, фаолиятига оид монологни ўқиб берди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг Давлат тили бўйича маслаҳатчиси Меҳриноз Аббосова, адиба Маъмура Зоҳидова ўзбек тилининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва мавқеини тобора кучайтиришга катта эътибор қаратилаётгани, бадиий мукаммал асарлар, луғатлар яратиш, интернетда ўзбек тилига оид сегментнинг тобора бойитилиши тилимизни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Жаҳоннинг турли университетларида таҳсил олаётган, юртимиздаги олий таълим даргоҳларида билим олаётган талабаларнинг ўзбек тилидаги табриклари, атоқли шоирларимизнинг ижод намуналаридан ўқиб бергани тадбирга янада ўзгача самимият бағишлади.
Тантанада мамлакатимизда учинчи марта ўтказилаётган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” республика танловининг турли йўналиш ва номинациялари бўйича ғолиб ва совриндор бўлган ташкилотлар, идоралар вакиллари қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланди.

– Ушбу танловда Зарафшон шаҳри “Энг намунали ҳудуд” йўналишида биринчи ўринни олди, – деди Навоий вилояти ҳокими маслаҳатчиси Қобилжон Астонов. – Давлат тилида иш юритиш, ташқи рекламалар, пешлавҳа ва эълонлар, чақирув белгиларини лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида ёзилишига катта эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда таълим масканларида ўзбек тилининг ўқитилишини давр руҳига монанд тарзда йўлга қўйиш, ёшлар онгига она тилимизга бўлган ҳурмат туйғуларини сингдириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бу борадаги ишларни келгусида ҳам изчил давом эттириб борамиз.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Санъат усталари ижросидаги катта концерт дастури намойиш этилди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбири