Алиқуловлар - Сурхондарёнинг энг ибратли оиласи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида 15 май - Халқаро оила куни муносабати билан “Ибратли оила” кўкрак нишонига тавсия этилган намунали оилаларни ҳамда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танлови оилаларни мустаҳкамлаш, жамиятда оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадига қаратилган.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, улардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оиланинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
[gallery-17430]
Танловда вилоятнинг 720 дан зиёд намунали оиласи иштирок этди. Ибратли, намунали, узоқ йиллар бирга яшаб келаётган, фарзандларини она юртга муҳаббат, Янги Ўзбекистоннинг эзгу ғояларига садоқат, оилавий қадриятларга ҳурмат руҳида ҳамда соғлом ва баркамол этиб тарбиялаётган 15 оила вилоят босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
Якуний натижаларга кўра, Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи Алиқуловлар оиласи биринчи ўринга сазовор бўлди. Музработ туманидан Жумаевлар оиласи иккинчи ҳамда Узун туманидан Каримовлар оиласи учинчи ўринни эгаллади.
Тадбирда “Ибратли оила” кўкрак нишонига тавсия этилган намунали оилалар ҳамда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиблари Низом талаблари асосида пул мукофоти, диплом ва қимматли совғалар билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА