Алиментдан қарздор ота автобусда топилди
Маълумки, суд қарорига асосан вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминотини таъминлаш қарздор отанинг бурчидир. Лекин айрим оталар бу масъулиятни унутиб, алимент маблағларни қасддан тўламай келмоқда. Айримлари эса, ҳатто қочиб юришгача боради.
Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси қидирув шўбаси инспекторлари томонидан эса ана шундай фуқароларни ушлаб топиш мақсадида мунтазам равишда тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, яқинда ички ишлар идоралари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда қарздор ота Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўловчи сифатида кетаётганда ушланди.
Шунингдек, норинлик А.Аҳмедовдан Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг қарорига асосан ундирувчи М.Шойидинова фойдасига бир нафар фарзанди учун алимент ундириш белгиланган.
Бироқ қарздор бир неча маротаба огоҳлантиришга қарамай, фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келган. Қарздорлик ой ва йиллар ўтиб 138 млн. сўмни ташкил этган. У 2022 йилнинг 3 июнида маъмурий жавобгарликка тортилиб, 15 суткалик қамоқ жазосини олади. Бироқ ундан сўнг ҳам тўғри хулоса қилмай алимент тўламайди ва яшаш жойидан яшириниш мақсадида ишлашни баҳона қилиб кетиб қолади. Қарздор А.А га нисбатан давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган.
Боз устига қарздорлик энди 148,1 млн. сўмни ташкил этади. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар давомида қарздор Тошкент шаҳрида автобусдан топилди. Шундан сўнг, Наманган вилоятига олиб келиниб, Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан иш қўзғатилди.
М.Қосимова, ЎзА