Алиментчи отанинг қарзини қариндошлари тўлаб берди
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Денов туманлараро судининг 2016 йил 22 июлдаги буйруғига асосан Узун туманида яшовчи Ш.Мисировдан вояга етмаган бир нафар фарзандининг таьминоти учун собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент ундириш белгиланган.
Бироқ, ижро ҳужжати бўйича қарздор ота алимент тўловларини тўламай қочиб юрган ва алимент қарздорлиги юзага келган. Мажбурий ижро бюроси Узун туман бўлими томонидан унга нисбатан қидирув эълон қилингач, қарздор ота Россия федерациясида ишлаётгани маълум бўлган. Шундан сўнг туман прокуратураси, МИБ туман бўлими ходимлари ва жамоатчилик вакиллари қарздор отанинг яқин қариндошларига алимент тўламасликнинг ҳуқуқий оқибатларини атрофлича тушунтирган.
Натижада яқин қариндошлар Ш.Мисировнинг собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишиб, бир нафар фарзандининг вояга етгунига қадар ҳисобланган 30 миллион сўм алимент пулини тилхат асосида топширди.
Ш.Мисировнинг барча алимент қарздорлигини қариндошлар тўлаб бергани учун унга нисбатан эълон қилинган қидирув бекор қилиниб, ижро иши тамомланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА