Алиментчи отанинг қарзини қариндошлари тўлади
Жамиятда шундай оталар борки, у ёки бу сабаб баҳонасида турмуш ўртоғи билан йўллари айро тушгач, фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб қолади.
Жамиятда шундай оталар борки, у ёки бу сабаб баҳонасида турмуш ўртоғи билан йўллари айро тушгач, фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб қолади.
Жигарбанди улғайиб, камолга етгунча моддий далда бўлишни ўзига эп билмайди. Ваҳоланки, амалдаги қонунларимиз ҳам, дину-диёнатимиз ҳам фарзанд вояга етгунча уни моддий жиҳатдан таъминлаб туришни оталар зиммасига юклаган.
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг ўтган йил 19 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан П. Азизов(исм-фамилия ўзгартирилди)дан вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ҳужжат асосида Мажбурий ижро бюроси Термиз тумани бўлими ходимлари ижро ҳаракатларини олиб борган. Унинг номида мол-мулклари йўқлигини аниқлаган.
Давлат ижрочилари томонидан алиментчи ота бир неча марта огоҳлантирилган бўлса-да, у ўз фарзанди учун белгиланган алимент пулларини тўлашни хаёлига ҳам келтирмаган. Бу орада унинг фарзанди олдидаги қарзи 7 миллион 618 минг сўмга етиб қолган. Шундан сўнг ўз бурчини унутган Ш.Халиевнинг маъмурий жавобгарлик масаласини кўриш учун тўпланган ҳужжатлар туман маъмурий судига юборилган.
–Алиментчи отанинг қилмишлари очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди,– дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – У ҳақиқатдан ҳам вояга етмаган фарзандининг моддий таъминотини тўлашдан бўйин товлаб келганини тан олиб, суддан енгиллик беришни сўради.
Лекин, суд қарори билан қарздор отага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Буни қарангки, орадан кўп вақт ўтмай алиментчи отанинг яқин қариндошлари бир йилдан ортиқ йиғилиб қолган алимент қарздорлигини тўлаб берди.