Алиментчи оталарнинг бандлиги таъминланмоқда
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ҳамда унинг унинг ҳудудий бўлимлари томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ манфаатларини таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунда асосий эътибор алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси доирасида оилаларни яраштириш, ишсиз юрган алимент тўловчиларнинг бандлигига кўмаклашишга қаратилган.
Янги Наманган туманида айни шу мақсадда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси”га таклиф этилганларнинг аксарияти иш билан банд бўлмаган қарздор оталар бўлди. Наманган вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликдаги тадбирда Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманлари ҳудудларида жойлашган 50 дан ортиқ корхона, ташкилот ўзларидаги бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Тадбир давомида ишсиз алимент тўловчиларга вакант ўринлари таклиф қилинди, муассасалардаги мавжуд шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

– Меҳнат ярмаркаси якунлари бўйича 11 нафар фуқарога корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаш учун йўлланма, 13 нафар фуқарога меҳнат қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси инспектори Муҳаммаджон Алижонов. – Бу каби амалий ва фойдали тадбирлар вилоятнинг қолган ҳудудларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Бюро бўлимлари иш юритувидаги 25 минг 346 та алимент билан боғлиқ ҳужжат ижросини таъминлаш давомида жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 499 нафар ишсиз алимент тўловчининг бандлигига кўмаклашилган.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири