Алиментчи оталар фарзандлари бағрига қайтди
Ҳозирги синовли кунларда амалга оширилаётган бу эзгу ишлар дарз кетган оилаларга қайта қувонч улашиб, муқаддас оила қўрғонини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари нафақат ажрашган оилаларнинг алимент қарздорликларини ундириш, балки уларни яраштириб, фарзандларининг бир йўла ота-она бағрида камолга етишига яқиндан кўмаклашмоқда.
Ҳозирги синовли кунларда амалга оширилаётган бу эзгу ишлар дарз кетган оилаларга қайта қувонч улашиб, муқаддас оила қўрғонини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
– Жарқўрғон тумани бўлими ходимлари олиб борган тушунтириш ишлари натижасида бир йўла иккита оилани яраштиришга эришилди, –дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Қўмқўрғон туманлараро судининг 2018 йил 17 сентябрдаги қарорига асосан М. Рашидова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати юзасидан унинг турмуш ўртоғи А.Алламуратов билан суҳбат ўтказилиб, оиланинг муқаддаслиги, фарзанднинг бебаҳо неъмат экани, болалар тарбияси ва моддий таъминотида отанинг ўрни атрофлича тушунтирилди. Натижада эр-хотин ўртасида юзага келган келишмовчиликка чек қўйилиб, улар яраштирилди. Шунингдек, икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пулини олиб келган Ч.Ҳазратқулова ва унинг турмуш ўртоғи Р.Рашидов ҳам МИБ ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан яраштирилди.
Айни пайтда мазкур оилаларда фарзандлар ота-она бағрида кўнгли тоғдек ўсиб, бир олам орзулар билан улғаймоқда. Эр-хотин муносабатлари қайта тикланиб, оилалар ярашганлиги сабабли қарз ундирувчиларнинг аризасига асосан алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бекор қилинди.