Алиментчи ота савдо дўконини гаровга қўйди
Амалдаги тартибга кўра, алиментчи отанинг алимент қарздорлиги тўлиқ бартараф этилмагунча Ўзбекистондан четга чиқиш ҳуқуқи вақтинча тўхтатилган.
Термиз шаҳрида яшайдиган Собир Қосимов (исм-шариф ўзгартирилди)дан Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2017 йил 11 апрелдаги буйруғига асосан вояга етмаган бир фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Амалдаги тартибга кўра, алиментчи отанинг алимент қарздорлиги тўлиқ бартараф этилмагунча Ўзбекистондан четга чиқиш ҳуқуқи вақтинча тўхтатилган.
– С.Қосимовнинг бу чекловни бекор қилиши учун алиментни олдиндан тўлаши ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномаси тузиши лозим эди, – дейди МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – У мазкур ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида судга ариза билан мурожаат этиб, зиммасидаги мажбуриятни таъминлаш учун қиймати 95 миллион 530 минг сўм бўлган савдо дўкони биносини гаровга қўйди.
Мажбурий ижро бюросининг Термиз шаҳар бўлими гаровга қўйилган дўкон эвазига алиментчи отанинг мамлакатимиз ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқини тиклаб берди. Агар алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда юзага келган қарздорликни ундириш гаров предметига қаратилиши тушунтирилди.