Алимент учун 347 миллион сўм тўланди
Мажбурий ижро бюроси томонидан алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўйича долзарб ўн кунлик ўтказилмоқда.
Бюронинг Самарқанд вилоятидаги туман ва шаҳар бўлимлари ҳам мазкур тадбир доирасида ундирувчи ва қарздорлар билан фаол ишламоқда. Бу эса алимент билан боғлиқ ижро ҳаракатлари самарадорлигини оширмоқда. Жумладан, МИБ Пахтачи тумани бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар натижасида бир ҳолатда қарздордан ундирувчи фойдасига 347 миллион сўм алимент пули ундириб берилди.
Бўлим давлат ижрочиси Фаёз Абдужабборовнинг маълум қилишича, фуқаролик ишлари Каттақўрғон туманлараро судининг 2021 йил 11 октябрдаги қарорига асосан қарздор А.А.дан ундирувчи Л.И.нинг фойдасига тўрт нафар фарзандининг таъминоти учун иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжатига асосан қарздор алимент пулларини ўз вақтида тўламагач, унинг барча мол-мулклари аниқланиб, тақиқ қўйилган. Шундан сўнг қарздор фарзандларини ўйлаб, улар вояга етгунига қадар тўлаши керак бўлган пулни ҳисоблаб, 347 миллион сўм алимент пулини тўлаб берди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА