Алимент тўловларини ундириш ва ишсиз қарздорлар бандлиги назоратда
Президент топшириғи амалда
Охирги йиллар жамиятимизда оилаларни сақлаб қолиш, ажримлар сонини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, бу жараёнда ёш оилаларни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш, болаларни соғлом тарбия қилиш чоралари кўриляпти.
Бош прокурорнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари Б.Нормуродов иштирокида Тошкент вилоятида мурожаатлар билан ишлашда Янгийўл тумани намунасини яратиш масаласи юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Жорий йилнинг 13 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари кўриб чиқилди. Унда берилган топшириқларга мувофиқ, ҳар бир ариза ва шикоятни атрофлича ўрганиш, уларни масъуллар кесимида тақсимлаш ҳамда Янгийўл тумани мисолида жорий этилган тизимни самарали йўлга қўйиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Республика ишчи гуруҳи вакиллари, Тошкент вилояти прокурори А.Мирзаев, вилоят ҳокими З.Мирзаев, ташкилотлар раҳбарлари, банклар ва бошқа масъуллар иштирок этди. Унда ўтган ва жорий йилнинг биринчи чорагида Янгийўл туманини мурожаатлар билан ишлаш бўйича намунавий ҳудудга айлантириш юзасидан қатор вазифалар белгилаб олинди.

Берилган топшириқлардан сўнг Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижобий ишларни ташкиллаштириш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. Улар томонидан ҳозиргача тизимли ишлар қилиняпти.
Хусусан, Бюронинг туман-шаҳар бўлимлари ҳамда Тошкент вилояти бандликка кўмаклашиш бошқармаси билан ҳамкорликда ўтган йил ва жорий йил биринчи чорагида айрим мурожаатларни қайта ўрганиш орқали ишсиз алимент тўловчиларни аниқлаб уларни иш билан таъминлашга киришилди.

– Ўрганишлар натижасида 180 та мурожаат ижобий ҳал этилди. Жумладан, мурожаатларнинг салмоқли қисми Янгийўл тумани ҳиссасига тўғри келгани сабабли ишчи гуруҳи вакиллари ҳар бир мурожаатчи билан алоҳида суҳбат қилди, – дейди Ишчи гуруҳ аъзоси Азиз Мансуров. – Натижада бир кунда 10 дан ортиқ оилаларни яраштиришга эришилмоқда. Бундан ташқари, иш жойи бўлмаган алимент тўловчилар билан суҳбат натижасида чет элда ишлаш истаги бўлган қарздорлар билан гаплашиб, анкета маълумотлари Ташқи миграция агентлигига бериш чоралари кўрилмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳозиргача мазкур туманда 1 минг 83 нафар алимент тўловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 804 нафари бандлиги таъминланган. Бу жараёнда жойларда ташкил этилаётган меҳнат ярмаркалари, корхона ва ташкилотлар масъуллари билан очиқ мулоқотлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳудуд бўйича ўрганишлар давом этяпти.
А.Мусаев, ЎзА