Алимент тўламаган оталар озодликдан махрум этилди
Мажбурий ижро бюроси Андижон валоят бошқармаси, унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Ҳар бир инсон оила қурар экан, оиланинг муқаддаслиги, фарзандлар олдидаги масъулият ва жавобгарликни теран англамоғи зарур. Бироқ, орамизда оиласи бирдамлигини йўқотиб, болалари олдидаги бурчларини унутиб қўяётган ота-оналар ҳам учраб туради.
Ширин орзулар оғушида турмуш қурган хўжаободлик Ё.Н. ва Г.Р.лар бир фарзандли бўлгач, уларнинг оиласига дарз кетади. Натижада, иш ажримгача етиб бориб, фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг суд буйруғига асосан, қарздор Ё.Н.дан ундирувчи Г.Р. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланди. Бироқ, Ё.Н. ўз фарзанди олдидаги бурчини унутиб, алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келди. Шу сабабли, унга нисбатан Жалақудуқ туман маъмурий суди томонидан 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Бундан тегишли хулоса чиқармаган Ё.Н. белгиланган жазосини ўтаб бўлгандан сўнг ҳам алиментдан бўлган қарздорлигини тўламади. Унинг умумситй қардорлиги 5 миллион 254 минг 236 сўмга етди.
Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди ушбу ҳолат бўйича ишни кўриб чиқиб, Жиноят кодекси 122-моддасининг 1-қисмига асосан, Ё.Н. га нисбатан 6 ой озодликдан махрум қилиш жазосини тайинлади.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг суд буйруғига асосан ундирувчи Г.Т. фойдасига қарздор Т.А.дан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш кўрсатилган. Бироқ, оталик масъулиятини унутиб, алиментдан бўлган қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаб юрган. Натижада, алимент қарздорлиги 11 миллион 647 минг 492 сўмга етган.
Қарздор Т.А.нинг ҳам иши жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди томонидан кўриб чиқилиб, унга нисбатан 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланди.
Ҳар бир ота вояга етмаган фарзанди таъминоти учун масъул ва мажбур эканлигини асло унутмаслиги керак. Акс ҳолда қонун олдида албатта жавоб беради.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА