Алимент пули – бегуноҳ боланинг ҳаққи
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий органлари 20 минг 600 га яқин алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳаракатларини олиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ижро ҳужжатлари юзасидан 662 нафар қарздор алиментчига нисбатан қидирув эълон қилинган. Уларнинг 437 нафари алимент пулини тўлашдан бош тортган қарздорлардир. Қидирувда бўлган қарздорларнинг 149 нафари чет элда экани аниқланиб, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида қидирув ишлари олиб борилмоқда.
– Суд қарорлари ижроси доирасида вояга етмаган фарзандларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Мажбурий ижро бюроси органларининг асосий вазифаларидан бири саналади, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси масъул ходими Қобилжон Турсунов. – Шунга кўра, бошқарманинг қидирув шўъбаси олиб борган тезкор қидирувларда 153 нафар алимент тўловчи излаб, топилиб, улардан 100 миллион сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги ундириб олинган. Шунингдек, қидирув чоғида топилгач, алимент тўлашдан бош тортганларга нисбатан қонуний жазо чоралари қўлланилган.
Масалан, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2019 йил 7 октябрдаги суд буйруғига асосан Шуҳрат Жўраевдан икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Алиментчи ота фарзандларининг қонуний ҳаққини тўлашдан бош тортиб, қочиб юргани учун унга нисбатан ўтган йилнинг 18 январь куни қидирув эълон қилиниб, вилоятнинг Шўрчи туманидан топилган. Қарздор ота алимент пулини тўлашдан бўйин товлагани сабабли суднинг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди. Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, Ш.Жўраевнинг яқин қариндошлари 20 миллион 688 минг сўм алимент пулини тўлиқ тўлаб бергач, у маъмурий қамоқ жазосидан озод этилди.
МИБ вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари жорий йилнинг ўтган даврида алимент тўловларидан бўйин товлаб фарзандларининг моддий таъминотига бефарқ бўлган 330 нафар шахснинг ишини судга тақдим этиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортди. Алимент пули – бегуноҳ боланинг ҳаққи. Ўз жигарбанди ҳаққига хиёнат қилаётган алимент тўловчилар эса қонун доирасида жавобгарликка тортилади. Лекин, бу жазо чоралари уларни алимент тўловидан асло озод этмайди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА