Алимент: миқдори, жавобгарлик ва оилавий бурч (+видео)
Оила кодекси алимент, ота-оналик мажбуриятлари ва уларни бажармаслик оқибатларини қандай белгилайди? Қонунда нафақат болалар, балки кекса ота-оналарнинг ҳам ҳимояси қандай кафолатланган? Муҳим ҳуқуқий саволларга жавоб излаймиз.
Оила кодексига кўра, ота-она ўртасида келишув бўлмаса, алимент миқдори бир бола учун даромаднинг 1/4 қисми, икки бола учун 1/3 қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун эса ярми миқдорида ундирилади. Бунда ҳар бир бола учун белгиланган энг кам миқдор 360 400 сўмдан кам бўлмаслиги шарт.
Фавқулодда ҳолатларда, яъни бола оғир касал бўлиб қолса ёки жароҳатланса, ота-она зарур қўшимча даволаш харажатларида ҳам иштирок этиши мажбурийдир.
Агар алимент тўлови 2 ойдан ортиқ кечиктирилса, шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланади. Тўловдан қасддан қочишда давом этиш эса жиноий жавобгарликка ҳамда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга сабаб бўлади. Шунингдек, нафақат ота-она болани, балки вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ҳам ёрдамга муҳтож кексайган ота-онасини боқиши шарт.
Мазкур мавзунинг энг нозик жиҳатларини "Ҳуқуқий таҳлил" лойиҳасида "Verum Law" адвокатлик фирмаси адвокати Шоҳжаҳон Шомуродов билан очиб берамиз.
Зиёвуддин Нуриддинов, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА