Алиев Арманистон таклифига изоҳ берди
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Бельгиянинг Бокудаги янги элчиси Жюльен де Фрепо билан учрашувда Ереваннинг тинчлик битимини қисқартирилган шаклда имзолаш таклифини ғалати деб атаган. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар тарқатди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Москвада бўлиб ўтган МДҲ саммитида октябрь ойида Озарбайжон билан шу вақтгача келишилган бандлар асосида тинчлик шартномасини имзолаш ва қолган бандлар бўйича ишни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилган эди.
“Афсуски, Арманистон томони Брюссель жараёнини давом эттирмасликка қарор қилган, тинчлик шартномасининг барча бандлари бир хил қийматга эга ва уларни ажратиб бўлмайди”, – деган Алиев.
“Президент Арманистон ҳукуматининг шартномани қисқартирилган шаклда имзолаш ҳақидаги ғалати таклифини мутлақо асоссиз, деб билишини қўшимча қилди”, – дейилган хабарда.
Алиев Европа Иттифоқини бу масалада бетараф бўлишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, ЕИ билан ишончсизлик чегарадаги Европа кузатувчилари миссияси ваколати Боку розилигисиз узайтирилишига сабаб бўлган.
Давлат раҳбари вакиллари эслатганидек, рухсатнома 2022 йил октябрь ойида икки ой учун берилган ва миссия чекланган миқдордаги истеъфодаги зобитлардан иборат бўлиши керак эди.
“Алиев айтишича, сиёсий маданият чегарасидан ташқарига чиқадиган, “дурбиндан қараб юритиладиган дипломатия”ни қабул қилиб бўлмайди”, – қўшимча қилинган хабарда.
2022 йил Ереван ва Боку Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи воситачилигида бўлажак тинчлик шартномасини муҳокама қила бошлаган. Ўтган йил май ойи охирида Бош вазир Пашинян Озарбайжон суверенитетини Қорабоғ билан бирга тан олишга тайёрлигини маълум қилган.
С.Раҳимов,
ЎзА