Албания Президенти Байрам Бегай аждодларимиз хотирасига ҳурмат кўрсатди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Албания Президенти Байрам Бегай расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Олий мартабали меҳмон рафиқаси ҳамроҳлигида 16 июнь куни “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Улуғ аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ва эзгу хизматлари бугунги кунда ҳам юртимиз тараққиёти ва халқимиз маънавий юксалишида муҳим омил сифатида юксак қадрланиб келмоқда. Уларнинг бой тарихий мероси миллий ўзликни англаш ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-29968]
Бугун дунё ҳамжамияти улуғ ва эзгу мақсадлар йўлида амалга оширган ибратли ишлари билан юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган аждодларимиз хотирасига юксак эҳтиром билан муносабат билдирмоқда.
Мамлакатимизнинг ўтмиши ва келажаги ўртасидаги узвийликни ифодаловчи Мустақиллик монументи юртимизда юксак маънавият ва эзгу қадриятлар қарор топганидан далолат бериб, Ватанимизнинг тарихий илдизлари ва тараққиёт салоҳиятини яққол намоён этади.
Албания Президенти Байрам Бегай Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўяр экан, Ватан озодлиги ва халқ фаровонлигининг ёрқин ифодаси сифатида қад ростлаган ушбу муаззам мажмуа қаршисида рамзий бош эгиб, эҳтиром кўрсатди.
Юртимиз тарихи, дунё тамаддунига ҳисса қўшган боболаримиз маърифати ҳақида маълумотларга эга бўлди.
Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Сарвар ЎРМОНОВ (сурат),
ЎзА