АКТга масъулларга устама тўланмагани аниқланди
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул ходимларига устама тўлаш аҳволи мониторинг қилиш орқали ўрганилди.
Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, ўрганишларда ходимларга ойлик устама ҳақи лозим даражада тўланмаётганлиги аниқланди.
Хусусан, Каттақўрғон туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул ходим Э.И.га 2022 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабргача бўлган даврда жами 58 миллион 808 минг 589 сўм устама пуллари тўлаб берилмаган. Шу каби ҳолат ушбу ташкилотнинг бошқа ходимлари билан ҳам такрорланган. Хусусан, М.Ш. 72 миллион 513 минг сўм, Н.К. эса 19 миллион 365 минг сўм устама пулларини ололмай келган.
Ваҳоланки амалдаги қонунчиликка биноан, 2018 йил 1 июндан ушбу соҳа ходимларига бериладиган ойлик устама миқдори давлат бюджетидан, давлат бюджетидан ажратилмаган бўлса, мазкур ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда берилиши, шунингдек, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ихтисослаштирилган бўлинмаларнинг штатдаги ходимларига устамалар ходим лавозим маошининг камида 100 фоиз миқдорда белгиланиши зарур.
Аммо 2023 йил давомида олиб борилган мониторинглар натижаси вилоятдаги биргина тиббиёт бирлашмалари, мактабгача ва мактаб таълими бўлимларида ишлаётган мазкур соҳа ходимларига жами 576 миллион 785 минг сўм устама пуллари тўланмаганини кўрсатди. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмалари томонидан жами 26 миллион 516 минг сўм, мактаб ва мактабгача таълим бўлимлари томонидан эса 442 миллион 341 минг сўм устама пуллари ушлаб қолинган. Бундай ҳолат Пайариқ, Булунғур туман тиббиёт бирлашмаларида, Каттақўрғон, Иштихон, Нуробод, Пайариқ, Булунғур, Жомбой туман ҳамда Самарқанд шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимларида кузатилди.
Ушбу ташкилотлар раҳбариятига вилоят адлия бошқармаси томонидан тақдимномалар киритилган.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири