Акмал Бурхонов: Коррупцияга қарши курашиш жараёнлари коррупцияга имкон бермайдиган тизимга айланади
Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Асосий мақсад – коррупция оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг сабабларини бартараф этиш, давлат хизматини халққа хизмат қилиш тизимига айлантириш ва қонун устуворлигини таъминлашдир.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:
– 2017 йилда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ушбу йўналишдаги муҳим қадам бўлди. Бугунга қадар соҳада 40 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, Президент фармонлари билан бешта давлат дастури тасдиқланди. Коррупцияга қарши курашиш янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам мустаҳкамланди.
Миллий ва ҳудудий кенгашлар ташкил этилди, парламент назорати кучайтирилди. Маъмурий ислоҳотлар натижасида ижро этувчи ҳокимият органлари сони 61 тадан 28 тага, вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилди.

Бюрократик тўсиқларни камайтириш мақсадида фуқаролар ва тадбиркорлардан 18 турдаги маълумот ва ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинди. Рақамлаштириш натижасида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 800 дан ортиқ, Давлат хизматлари марказлари орқали эса 500 дан ортиқ хизмат инсон омилисиз кўрсатилмоқда.
Қурилиш, олий таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари каби коррупциявий хавфи юқори соҳаларда «Коррупциясиз соҳа» ва «Коррупциясиз ҳудуд» лойиҳалари амалга оширилди. «Шаффоф қурилиш» тизими жорий этилди, давлат харидларида электрон тендер ва танловлар йўлга қўйилди.
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида» ва «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунлар давлат хизматида ҳалоллик ва масъулиятни кучайтирди. Давлат хизматчилари учун аниқ талаблар белгиланиб, ишга қабул қилишда очиқ танлов тизими жорий этилди.
2025 йилда 381 нафар давлат хизматчисининг коррупцияга қарши барқарорлиги баҳоланди, 180 нафар раҳбарлик номзоди суҳбатдан ўтказилди ва 33 ҳудудда кадрлар ротацияси йўлга қўйилди.
Мамлакатдаги 196 давлат органи ва ташкилотида 1 минг 680 нафардан ортиқ мутахассис коррупциянинг олдини олиш билан шуғулланмоқда. 2025 йилда қарийб 5,5 мингта коррупциявий омил аниқланиб, 794,8 миллиард сўм бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.
Давлат органларининг Очиқлик индекси жорий этилди ва мажбурий эълон қилиниши лозим бўлган 42 турдаги маълумот белгилаб қўйилди. Қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ёшларда ҳалоллик маданиятини шакллантириш механизмлари ҳам ривожлантирилмоқда.
Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг роли ортиб бормоқда. Журналистик суриштирувлар ва очиқ муҳокамалар мансабдорларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини кучайтирмоқда.
Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни ҳам кенгайтирмоқда. «Transparency International» индексида сўнгги ўн йилда 37 поғона юқорилади. «Open Data Inventory» рейтингида 198 мамлакат орасида 12-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда етакчилик қилмоқда.
2025 йил 5 мартда Президент иштирокида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа сифатида белгиланди.
Маиший коррупцияни камайтириш мақсадида таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, банк ва кадастр соҳаларидаги 2 минг 450 объект ўрганилди. Натижада 148 нафар мансабдорга нисбатан таъсир чоралари кўрилди, 37 туман ва шаҳарда коррупциядан холи ҳудуд яратиш бўйича «Йўл хариталари» тасдиқланди.
«Рақамли бозор» дастури доирасида 281 бозор ва 132 автотураргоҳ рақамлаштирилди. Натижада ўртача ойлик тушум 13,4 миллиард сўмга, солиқ тушумлари 2,8 миллиард сўмга ошди.
Коррупцияга қарши билимларни ошириш учун «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» ишга туширилиб, 250 та масофавий ўқув курси ташкил этилди. 2025 йилда 57 минг 620 нафар давлат хизматчиси малака оширди. Таълим дастурлари орқали миллионлаб болалар, ўқувчилар ва талабалар коррупцияга қарши билимлар билан қамраб олинди.
Давлат харидларида рақобат ва шаффофликни кучайтириш натижасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2024 йилдаги 1 минг 374 тадан 2025 йилда 1 минг 123 тага, яъни 18 фоизга камайди.
ННТларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари учун ҳар йили 10 миллиард сўм грант ва ижтимоий буюртмалар ажратиш белгиланди. Андижон вилоятида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида иқтисод қилинган 42 миллиард сўм мактаб тиббиёт муассасалари, электр тармоқлари, ичимлик суви ва йўлларни қуриш ҳамда таъмирлашга йўналтирилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни амалга ошириш, давлат органларида Коррупцияга қарши миллий сертификатлаштириш менежмент тизимини жорий этиш режалаштирилган.
«Рақамли комплаенс» ахборот тизимини ишга тушириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш ва ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимида коррупциявий хавфлар харитасини шакллантириш кўзда тутилмоқда.
Қонунчиликда коррупциявий жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди, юқори ижтимоий хавфга эга жиноятлар учун жазони енгиллаштириш имкониятлари чекланди. Комплаенс ходимларининг мустақиллиги ва хавфсизлиги кафолатланди. Коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш ва давлат харидларидаги қонунбузилишлар учун жавобгарликни кучайтириш чоралари кучайтирилмоқда.
Ўзбекистонда 2027 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи давлатларининг 12-конференцияси ўтказилиши режалаштирилган. Бу мамлакатнинг халқаро ҳамкорликдаги ўрни ва масъулиятини янада оширади.
Умуман, коррупцияга қарши ислоҳотлар давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, рақамлаштириш, жамоатчилик назорати ва қонун устуворлигини кучайтиришга қаратилган.
Асосий мақсад – коррупция билан курашиш жараёнларини коррупцияга имкон бермайдиган тизимга айлантириш. Бунинг учун давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳалолликни қадрлаши, қонунларга амал қилиши ва коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиши зарур.
Норгул Абдураимова,
ЎзА