Акцияда минг туб дарахт кўчати экилди
Қорақалпоғистон Республикаси Бӯзатов туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа доирасида “1 миллион дарахт” акцияси ўтказилди.
Акция Ўзбекистон Республикаси “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон экологик партияси, “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги халқаро Оролбўйи инновация маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига салмоқли ҳисса қўшиш, шунингдек, 2019 йилда бошланган хайрли ишларни давом эттириш мақсадида ӯтказилган акцияда вазирликлар, корхона, ташкилотлар вакиллари, ёшлар ва аҳоли фаол иштирок этди. Акция доирасида экиш учун Оролбўйи инновация маркази томонидан 1000 туп манзарали дарахт кўчати етказиб берилди.
Маълумот учун, “1 миллион дарахт” акцияси 2019 йилнинг 24 октябрида бошланган. Мазкур тадбирнинг мақсади, юртимиздаги барча аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш ва жамоатчилик эътиборини ҳозирги кундаги минтақамиздаги экологик муаммоларга қаратишдан иборат. Акциянинг кейинги босқичи 2020 йилнинг 6 ноябрь куни Мўйноқ туманида давом эттирилиб, Оролбўйи инновация марказининг “Мўйноқ” илмий-ишлаб чиқариш участкасида амалга оширилаётган “Оролдаги боғим” лойиҳаси майдончасига кўплаб манзарали ва мевали дарахт кўчати экилган эди.

Юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган умуммиллий лойиҳа ва кўкаламзорлаштириш акцияси Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларнинг салбий таъсирларини юмшатишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА