Академия талабаси – Ўзбекистон чемпиони
Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Исломшунослик факультети 2-босқич талабаси Шукурулло Комилжонов соғлом турмуш тарзига амал қилиб, етти йилдан бери кикбоксинг спорт тури билан мунтазам шуғулланади.
Бу вақт мобайнида спортчи-талаба уч карра Ўзбекистон чемпионига айланди. 2017 йилда Россиянинг Aнапа шаҳри мезбонлик қилган Жаҳон кубоги баҳсларида кумуш медални қўлга киритган.
Куни кеча Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Наманган вилояти Гимнастикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг “Паҳлавон” спорт мажмуасида кикбоксинг бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ҳам Шукрулло муваффақиятли иштирок этди. Қизғин ва муросасиз баҳслар остида ўтган мусобақада 63,5 килограмм вазн тоифасида қатнашган Шукурулло Комилжонов 1-ўринни эгаллади.
Иқтидорли талаба бу натижаси билан жорий йилда бўлиб ўтадиган кикбоксинг бўйича Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
– Мусобақага муносиб тайёргарлик кўрдим, – дейди Шукурулло Комилжонов. – Устозим билан ҳар бир жангга жиддий тарзда ёндашдик. Рақибларимнинг имкониятлари, ютуқ-камчиликларини таҳлил қилиб, турли жанг услубларини ишлаб чиқдик. Шукрки, ота-онам, яқинларим, устозларим олдида юзим ёруғ бўлди.
19 ёшдан 35 ёшгача бўлган тоифада иштирок этиб, якунда мамлакат чемпионига айландим. Мазкур ғалабам туфайли Ўзбекистон терма жамоасига аъзо бўлдим. Эндиги мақсадим халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишдан иборат. Май ойида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги чемпионати бўлиб ўтади. Унда ҳам олтин медални қўлга киритишга ҳаракат қиламан.
Н.Усмонова, ЎзА