Академик лицей ўқитувчиси халқаро танловда ғолиб бўлди
Парижда ўтган халқаро танловда ўзбекистонлик ўқитувчи жаҳон педагогларини ҳайратда қолдирди. Унинг физика фанини ўқитишдаги ноёб ёндашуви юқори баҳоланди. Бу муваффақият сири нимада?
Мамлакатимизда таълимга қаратилаётган эътибор ўзининг мевасини бермоқда. Хусусан, бунда ўқитувчиларнинг илмий маҳорати ва моддий таъминотини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар алоҳида олқишга сазовор.
Ана шундай имкониятларнинг самараси ўлароқ,Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти академик лицейининг физика фани ўқитувчиси Гулчеҳра Бекниязова Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган нуфузли “The Best Education Project International” халқаро танловида ғолиб бўлди.
У мазкур халқаро танловда замонавий педагогик ёндашув – физикани ўқитишда реал ва виртуал лабораторияларни уйғунлаштиришга қаратилган инновацион илмий мақоласи билан қатнашиб, халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
Халқаро танлов якунида Гулчеҳра Бекниязова диплом, Халқаро фан, маданият ва санъат академияси (IASCA) томонидан олтин медаль, шунингдек, эсдалик нишони билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ютуқ юртимиз таълим тизимининг тобора такомиллашиб бораётганидан далолат.
Шербек Исломов, ЎзА