Академик эшкак эшувчиларимиз халқаро «Amber Oars» регатасида медаллар жамғаришда давом этмоқда
«Amber Oars» халқаро регатасида Ўзбекистон билан бир қаторда Литва, Латвия, Эстония, Польша, Украина, Германия, Чехия ва Словакия давлатлари вакиллари ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Литванинг Тракай шаҳри мезбонлик қилган «Amber Oars» регатасида Ўзбекистон академик эшкак эшиш терма жамоаси вакиллари катталар ўртасидаги баҳсларда муносиб иштирок этди.
Мусобақанинг М4х йўналишида Шаҳбоз Холмурзаев, Меҳрожбек Маматқулов, Собир Сафаролиев ва Жамалбек Тургуновдан иборат экипаж чемпионга айланган бўлса, LM1x дастурида Шаҳзод Нурматов ҳам олтин медаль соҳибига айланди.
Кумуш медаллар М8+, М1x, М4- ва LM1x йўналишларида қўлга киритилди. Жумладан, М8+ дастурида Алишер Турдиев, Максим Голубев, Давржон Давронов, Иван Янкулов, Дилшод Худойбердиев, Фазлиддин Каримов ва Шеҳроз Ҳакимовдан иборат экипаж иккинчи ўринни эгаллади. М1x баҳсларида Шаҳбоз Холмурзаев, М4- дастурида Алишер Турдиев, Максим Голубев, Давржон Давронов ва Иван Янкулов, LM1x йўналишида эса Фирдавс Охунов кумуш медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, Алишер Турдиев ва Максим Голубев М2-, Райҳон Сатторова ҳамда Айдана Сметуллаева W2-, Умарали Абдуллаев ва Лазиз Қўчқоров эса М2x баҳсларида учинчи ўринни эгаллади.
Шу тариқа, Ўзбекистон эшкак эшиш терма жамоаси халқаро «Amber Oars» регатасида юқори натижалар қайд этиб, мамлакатимиз спорт нуфузини халқаро майдонда яна бир бор оширди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА