AI Soliq солиқ тўловчиларга қандай имкониятлар яратади?
Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида “AI Soliq: сунъий интеллектга асосланган солиқ хизматларининг янги имкониятлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Элмуродов ва бошқалар солиқ тизимида рақамлаштириш жараёнлари, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш натижалари, янги электрон хизматлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг сунъий интеллект технологиялари асосида фаолият юритувчи ai.soliq.uz платформаси такомиллаштирилиб, солиқ тўловчилар учун учта янги хизмат, яъни “Экспресс-анализ”, “AI Мулоқот” ва “AI Ассистент” жорий этилди.
Солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Элмуродовнинг таъкидлашича, сўнгги 10 йилда давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида солиқ тушумлари 8 баробарга ошган. Бу эса солиқ маъмурчилигини самарали ташкил этишда замонавий технологиялардан фойдаланишни тақозо этмоқда.
Бугунги кунда солиқ тизимида барча жараёнлар рақамлаштирилган бўлиб, тадбиркорлар ва фуқароларга 100 дан ортиқ интерактив хизмат кўрсатилмоқда. Айни пайтда солиқ органларида 58 та ахборот тизими ишлаб чиқилган.
–Ушбу ахборот тизимлари асосида бир йилда ўртача 56 миллионта электрон ҳисобварақ-фактура ва 4,5 миллиард дона онлайн чек маълумотлари қайта ишланади. Шунингдек, вазирлик ва идора билан тезкор ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Қўмитада жамланган маълумотлар ҳажми қарийб 5 петабайтни ташкил этмоқда.
Жорий йилда Президентимиз томонидан солиқ тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш сифатини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Бугунги кунда қўмитанинг 9 та ички ахборот тизимида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилмоқда.
[gallery-32194]
Солиқ тўловчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг август ойида ai.soliq.uz портали ишга туширилди. Ҳозирга қадар портал орқали қарийб 1,2 миллионта мурожаат келиб тушди. Портал солиқ тўловчилар орасида кенг фойдаланилаётган хизматлардан бирига айланди.
Аввало, солиққа оид саволларга жавоб олиш вақти сонияларгача қисқарди. Яъни, call-марказга қўнғироқ қилиб, навбат кутиш ёки солиқ инспекциясига шахсан бориш зарурати камаймоқда. Портал орқали тадбиркорлар ва фуқаролар солиққа оид саволларига тезкор жавоб олиш имкониятига эга бўлди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар корхоналари фаолиятидаги хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш имконига эга бўлмоқда. Ҳисоботлар, рейтинглар ёки электрон ҳисобварақ-фактуралар билан боғлиқ муаммолар сабабларини аниқлаш, шунингдек, кейинги ҳаракатлар бўйича тавсиялар олиш ҳам осонлашди.
Энг муҳими, кўплаб масалалар бўйича солиқ идорасига бормасдан, масофадан туриб тушунтириш олиш имконияти яратилди. Сўнгги 10 кун ичида яна 3 та хизмат қўшилди, – деди А.Элмуродов.
Тадбирда мазкур янги хизматларнинг имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, “Экспресс-анализ” хизмати тадбиркорларга корхона фаолиятини солиқ инспекцияси нуқтаи назаридан таҳлил қилиш имконини беради. У солиқ ҳисоботлари, товар айланмаси, иш ҳақи ва солиқ қарзига оид маълумотларни таҳлил қилиб, мавжуд камчилик ва тафовутларни кўрсатади ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар беради. Банк ҳисобварағига чеклов қўйилган ҳолатларда эса унинг сабабларини аниқлаш ва муаммони ҳал этиш чораларини белгилашга ёрдам беради.
“AI Мулоқот” хизмати орқали фуқаролар ва тадбиркорлар ўз мурожаатларининг қайси босқичда эканини, кўриб чиқилиш ҳолати ва натижасини билиб олишлари мумкин. Шунингдек, кейинги ҳаракатлар бўйича тавсиялар олиш имконияти ҳам мавжуд.
“AI Ассистент” хизмати эса солиққа оид саволларга оддий ва тушунарли тилда жавоб беради. Тизим Солиқ кодекси, қонунчилик ҳужжатлари, қарорлар, ички йўриқномалар ва солиқ хизматларидан фойдаланишга оид маълумотлар асосида ишлайди.
Келгусида “AI Ассистент” хизматини Солиқ мобил иловасига жорий этиш ва my.soliq.uz порталидаги хизматлардан мобил телефон орқали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган. Шунингдек, ҚҚСни автоматик қайтариш ва шубҳали электрон ҳисобварақ-фактураларни аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича техник ишлар якунланган. Айни пайтда тизимлар синовдан ўтказилмоқда ва уларни яқин кунларда ишга тушириш кўзда тутилган.
Матбуот анжумани якунида журналистларнинг саволларига жавоб берилди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА