Аҳолининг турмуш даражасини ошириш – олий мақсадим
Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими ҳамда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Ҳоким ёрдамчиларига маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва янги иш жойларни ташкил этиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш каби вазифалар юклатилган.
Шунингдек, ҳоким ёрдамчиларига маҳаллада оилавий тадбиркорликка кредитлар бериш, лидер тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш ва уларни жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитиш каби молиявий инструментлар берилди.

Умуман айтганда ҳоким ёрдамчиларининг барча ҳаракатлари ҳалқнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган. Зеро аҳолининг фаровон турмушига хизмат қилиш кўламини кенгайтириш мақсадида жорий этилган маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, аввало, ҳалқнинг таянчи бўлиши талаб этилади.

Бугун ҳоким ёрдамчиси лавозимининг машаққатини нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам бирдек ҳис этмоқда. Албатта, ҳоким ёрдамчиси лавозими аёл киши учун бироз машаққатли. Мен мазкур лавозимнинг масъулият ва заҳматини тўлиқ ҳис этган ҳолда қабул қилдим. Ўйлайманки, ўзимга тақдим этилган мана шу имконият туфайли халқимни қийнаётган муаммоларга ечим топишга, уларнинг фаровон турмуш кечиришига ўз ҳиссамни қўшаман.

Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги фаолиятимни маҳалладаги иқтисодий ҳолатни аниқлашдан бошлаганман. Фуқароларнинг гендер таркиби, хоҳиш-истаклари, ихтисослашувини ўрганиб, маҳалла иқтисодиётини кўтариш бўйича ўз режамни ишлаб чиққанман.
Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани “Ёрқин ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида 6 минг 300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
“Ёрқин ҳаёт” маҳалласидаги вақтинча ишсиз бўлган 96 нафар ишсиз фуқаро доимий ишга жойлаштирилди ва доимий даромад манбаига эга бўлди. Бундан ташқари, фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали 385 нафар фуқаронинг ўзини-ўзи бандлиги таъминланди. Мутахассисликка эга бўлмаган 68 нафар фуқаро касб-ҳунарга йўналтирилди ва ўз мутахассислиги бўйича махсус сертификатга эга бўлди. Маҳалладаги оилавий тадбиркорликни бошламоқчи бўлган 21 нафар фуқаро учун жами 563 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Натижада 30 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. 15 нафар фуқарога субсидия мабалағлариҳисобидан асбоб-ускуналар ажратилган.

Шунингдек, 400 нафар кам таъминланган эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар етказиб берилди. Коммунал тўловлари ҳомийлар томонидан ижтимоий ёрдам сифатида тўлаб берилди. 2022 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича кўчадаги ёриткичларни янгилаш бўйича “Ёрқин ҳаёт” маҳалласи ғолиб бўлди ва таъмирлаш ишларига 100 миллионлик пул маблағлари ажратилди.
Маҳалла аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти кўпроқ қайси йўналишларга тааллуқли эканлигини ўрганиб чиқилади. Бу борада ахборот алмашиш платформаси фаолияти йўлга қўйилган.
Маҳалламиз паспортини шакллантириш жараёнида аҳолининг гендер таркибини, касб малакаларини, ҳохиш-истакларини, муаммоларини ўрганиб, тўпланган маълумотларни online-mahalla.uz платформасига жойлаштирамиз. Фуқароларнинг ҳамда ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг муаммоларига манзилли ва сифатли ечим топиш учун мазкур платформага келган мурожаатларни тегишлилиги бўйича масъул ташкилотларга тўғридан-тўғри юбориш имконияти мавжуд.
Аҳоли томонидан ижтимоий инфратузилма борасида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича юборилган мурожаатларнинг аксарияти бугунги кунда ўз ечимини топгани бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз самара бераётганидан далолат, албатта.

Меҳнат фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқароларимиз ҳам кўп. Уларнинг эхтиёжларидан келиб чиққан ҳолда субсидиялар ёхуд имтиёзли кредитлар ажратиш ишлари маҳалладан чиқмай онлайн тарзда амалга оширилиб келинмоқда. Мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирмоқчи бўлган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ваканциялари мавжуд корхона ва ташкилотларга саёҳатлар, ҳудудий меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Алоҳида қайд этишим лозимки, айниқса хотин-қизлар бандлигини таъминлаш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ишсиз эркакларга нисбатан ишсиз аёллар кўпчиликни ташкил этади. Ишсиз аёлларни иш билан, тадбиркорлик фаолияти билан банд қилиш жараёнларида уларнинг оилавий ҳолатини яқиндан ўрганиб, имкониятларини инобатга олган ҳолда керакли тавсия ва йўналишларни беришга ҳаракат қиламиз.
Камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли мавжуд имкониятлардан ва ресурслардан самарали фойдалана олиш. Камбағаллик даражасини ўлчаш методлари ва нисбатлари турлича. Аҳолининг турмуш даражасини ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини амалга ошириш борасида маҳалладаги “бешлик” биргаликда фаолият олиб борамиз.
Аввало, камбағалликнинг сабабини ўрганиш ва уни бартараф этиш чоралари кўрилади. Кейинчалик эса камбағалликдан олиб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Бугунги кунгача бўлган мониторинг натижаларига кўра, камбағалликка дуч келган оилаларнинг аксарияти бу ногиронлиги бўлган шахслар, нафақахўрлар ва бола парвариши билан банд бўлган аёллар мавжуд оилалар эканлиги кўринади.
Камбағалликни қисқартириш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар негизида “Инсон қадри учун” тамойили ётади. Бунга мисол тариқасида ишсиз ва эҳтиёжманд фуқаролар учун ажратиладиган субсидиялар, моддий ёрдамлар, имтиёзли кредитларни айтишимиз мумкин. Ишсиз фуқароларни бепул асосда меҳнат бозорида катта талабга эга бўлган касб-ҳунар турларига ўқитиш тизимининг мавжудлиги ҳам аҳолининг бандлиги, даромадини оширишга қаратилган ҳаракатдир.
Бугунги эришаётган натижаларим ва ютуқларим биргина меники эмас. Маҳалламиз аҳлининг менга билдираётган ишончи, қилаётган дуоларининг самараси деб биламан.
Дилноза УМАРОВА,
«Ёрқин ҳаёт» МФЙ ҳоким ёрдамчиси
ЎзА