Аҳолининг кадастрга оид муаммолари ҳал этилди
Бугунги кунда сайёр қабуллар давлат идораларининг халққа янада яқин бўлиши, аҳоли муаммоларини ечишнинг самарали тизимига айланиб улгурди. Кадастр тизимида ҳам соҳа мутасаддилари томонидан изчил тарзда ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар фуқаро ва тадбиркорлар мурожаатларига тезкорлик билан ечим топилишига муносиб замин яратмоқда.
Шунга кўра, Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармалари масъуллари иштирокида Яшнобод тумани аҳолисининг кадастрга тегишли мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.

Унда 30 га яқин фуқаро ва тадбиркорларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, мерос ва шу каби масалалар бўйича мурожаатлари тингланди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Бундан ташқари, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида ҳам йиғилганларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.


Дарҳақиқат, жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар, аҳоли вакиллари билан мутасадди раҳбарларнинг учрашувлари бугун яхши анъанага айланди. Халқ билан мулоқотнинг бу кўриниши давлат идоралари ва фуқароларни бир-бирига яқинлаштириб, ўртадаги ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА