Аҳолининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилмоқда
Фармон ва ижро
Бугунги кунда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, айниқса, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга доимий ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида норма сифатида белгилаб қўйилди.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан фуқароларимизнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий хизматлар сифатини тубдан ошириш ва илғор халқаро тажрибаларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.
– 2023 йилнинг 1 декабрь ҳолатига вилоятда қарийб 100 мингга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам мавжуд бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олиш йўлга қўйилган ҳамда тегишли тартибда қўллаб-қувватлаш чоралари кўриб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Ражабов. – Ўтган давр мобайнида ўзгалар кўмагига муҳтож якка-ёлғиз, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг 581 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, кўрик натижаларига кўра, 157 нафари амбулатор, 119 нафари стационар ва 145 нафари уйдаги стационар шароитида даволанди. Уларнинг 350 нафари бепул дори воситалари билан таъминланган бўлса, 45 нафарига ҳуқуқий ёрдам, жумладан, 14 нафарига паспорт, 6 нафарига кадастр, 14 нафарига пенсия ва нафақа оид ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий ёрдамлар, 148 нафарига 40 тонна кўмир ва 9 тонна ўтин маҳсулотлари ҳамда 85 нафарининг хонадонлари таъмирлаб берилди.
Вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказининг замонавий 2 қаватли биносининг ишга туширилиши натижасида марказ қуввати икки баробарга ошиб, йилига 3500 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларга реабилитация ўташ имконини берди ва 2,2 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган реабилитацияга муҳтож шахслар тегишли тартибда ребилитация қилинди.
Тиббий ижтимоий экспертиза комиссиялари томонидан ногиронлиги бўлган 8300 нафар шахсга тегишли тавсиялар берилиб, уларнинг 121 нафарининг бандлиги таъминланди, 1837 нафари касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича бандлик бўлимларига йўналтирилган бўлса, 2990 нафари параспорт турларига жалб этилди. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган 305 нафар бола эса педиатрия тиббий психологик текширувидан ўтказилди.
2023 йилда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Навоий вилоят ҳудудий бўлими янги биноси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунгача 1287 нафар хотин-қиз мурожаати қайд этилиб, уларнинг 524 нафарига психологик, 489 нафарига ҳуқуқий, 276 нафарига тиббий ёрдамлар кўрсатилди.
Вилоятдаги 18-30 ёшгача 28 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола уй-жой билан таъминланган бўлса, 64 нафар бола имтиёзли равишда олий таълимга ўқишга қабул қилинди.
Президентимизнинг фармонига асосан, республикамизнинг 28 та туман ва шаҳрида эксперимент тарзда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилган эди. Вилоятда ҳам Навоий шаҳри ва Конимех туманида марказлар ҳамда мавжуд маҳаллаларда комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг асосий вазифаси, энг аввало, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, аҳолининг ижтимоий хизматга бўлган эҳтиёжини баҳолашдир. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоя борасида тушунча ва ҳуқуқий билимларини оширишдан иборат.
Навоий шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази ташаббуси билан шаҳар ҳокимлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ҳамда “Ишга марҳамат” мономаркази ўртасида ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида меморандум имзоланган.
– Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи 50 нафарга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган шахслар қизиқиши ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда мономарказда ўқиш истагини билдирган, – дейди Навоий шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бошлиғи Нурбек Улуғбердиев. – Бугунги кунда фуқароларимиз орасида IТ соҳасига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Барча соҳа ва жабҳаларга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиб, меҳнат бозорида ҳам талаб ортаяпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини IТ соҳасига қизиқтириш ҳамда ахборот- коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида шаҳар ҳокимлиги, IT Park вилоят филиали ва марказ ўртасида меморандум имзоланди. Келишувга асосан 14-30 ёшдаги ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қизиқиши ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда замонавий касбларга ўқитиш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиб, Навоий шаҳрида яшовчи 62 нафар ёш ўқитилмоқда. Мазкур дарслар 6 ойгача давом этади. Ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган ёшларга махсус сертификатлар топширилади. Албатта, буларнинг барчаси бугун юртимизда ижтимоий ҳимоя масаласида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётганидан, фуқаролар манфаати устувор эканлигидан далолатдир.
[gallery-15337]
Жорий йилдан бошлаб вилоятнинг барча ҳудудларида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва вилоятдаги 330 та маҳаллада 160 нафар комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилади ва улар томонидан жами 49 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилади.
2024 йилда 2050 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар сиҳатгоҳларда бепул соғломлаштирилади. 2300 нафар ногиронлиги бор шахс вилоят реабилитация ва протезлаш марказида реабилитация қилинади. 600 нафардан ортиқ ёлғиз ҳамда ёлғиз яшовчи кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйда сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 81 нафар 23 ёшгача бўлган бола уй-жой билан таъминланиши режалаштирилган. Шунингдек, вилоят Реабилитация марказида болалар амбулатор реабилитация маркази ишга туширилади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари