Аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланмоқда
Оролбўйи шаҳар ва туманларида “Камбағалликдан - фаровонлик сари” ҳаракати доирасида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг қўшимча даромад олишига ва ўз тадбиркорлигини бошлашига кўмаклашиш борасида қатор амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Шуманай туманида бўш иш ўринлари ва уй шароитида кичик бизнес билан шуғулланиш учун навбатдаги ярмарка ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, ўз тадбиркорлигини бошлаб, даромадни ошириш истаги бор фуқаролар учун барча ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.

Ярмаркада шунингдек, ишсиз ва ижтимоий реестрга киритилган аҳоли қатлами учун давлатимиз томонидан яратилган барча имтиёзлар, субсидиялар ва ёрдам турлари тўлиқ тушунтирилди. Уларга зарур маълумотлар берилиб, имкониятлар кўрсатилди. Бундан ташқари, уй шароитида ўз бизнесини бошлаб, қўшимча даромад олиш ниятида бўлган фуқаролар учун шу жойнинг ўзида махсус асбоб-ускуналар тарқатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Нуразизов бу борада Қораўзак туманида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Президентимиз топшириғи билан шаҳар ва туманларга бириктирилган вилоятлар томонидан жойларда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалий чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Шу қаторда Қораўзак туманида Наманган вилояти томонидан драйвер лойиҳаларни амалга ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида 42 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлашга қаратилган жами 14 та хизмат кўрсатиш кичик лойиҳаси ташкил этилмоқда. Шунингдек, Қутли макон маҳалласида янги амфитеатр, кутубхона, Мустақиллик гузари маҳалла биносини қуриш белгиланган.

Бундан ташқари, туманда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида марказдаги коллектор ўрнида ёпиқ дренаж тизимини қуриш, иккита кўчани аҳоли сайр қиладиган жойга айлантириш, шунингдек, замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, “Нукус-Тахтакўпир” йўли бўйидаги ёшлар хиёбонини қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, янги тўйхона хизматини ташкил этиш лойиҳаси ҳам давом эттирилмоқда.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши туманда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга, аҳоли учун қулай шароитлар яратишга ва янги иш ўринлари очишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири