Аҳоли хонадонида балиқчилик: кам харажат, мўл даромад
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Норин туманидаги Хўжақўрғонча маҳалласида яшовчи Нурилло Маҳмудов оила бюджетини мустаҳкамлаш учун тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, тумандаги тик қудуқлар атрофида форель балиқ боқиш лойиҳасига қўл урди. Бунда унга банк кредитининг берилиши айни муддао бўлди.
Нурилло ака дастлаб яшаш уйи томига 5 кВтли қуёш панели ўрнатди. Шундан сўнг тик қудуғига мотор ўрнатиб, “бочка” усулида ҳовуз қурди. Ҳозир балиқ парвариши авжида.
– Яхши яшаш учун ҳар ким ўзи интилиши керак экан, - дейди Н. Маҳмудов. – Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, битта ҳовузнинг ўзига 1000 дона чавоқ ташлаб, 1 тонна балиқ етиштириш ҳисобига 31,5 миллион сўмдан ортиқ соф фойда олиш мумкин экан. Менинг ҳовузимга эса 2,5 минг балиқ сиғади. Ҳозир бу каби ҳовузлар қуришга маҳалладошларим ҳам киришган.
Дарҳақиқат, ўрганса, оммалаштирса арзийдиган усул. Шу боис Хўжақўрғончада қўшни маҳаллалар аҳолиси иштирокида семинар ташкил этилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этиб, аҳоли билан айни мавзуда мулоқот қилди.
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, банк тизими мутахассиси, яъни “маҳалла банкири” хонадон томорқасида форель балиғи боқишнинг афзалликлари, фойдаси, кредит олиш тартиби ҳақида батафсил тушунчалар берди. Шунингдек, балиқчилик йўналишида фаолият олиб бораётган тажрибали тадбиркорларнинг тавсиялари тингланди.
[gallery-22087]
Шу куни 50 га фуқаро ўз хонадонида балиқчиликни йўлга қўйиш истагини билдирди. Вилоят тижорат банклари томонидан улар қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Маълумот учун айтиш керак, Норин туманида 84 та тик қудуқда давлат-хусусий шериклик асосида супер интенсив усулда йилига 8500 тонна форель балиқлари етиштириш режалаштирилган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА