Аҳоли учун тиббий кўрик
Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида "Саломатлик сайиллари" акцияси доирасида тиббий кўрик ташкил этилди. Республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказлари ҳамда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш профилактика муассасаларининг лор, невропатолог, гинеколог, офтальмолог, онколог, кардиолог каби тор доира мутахассислари иштирок этган кўрикда аҳоли УТТ, ЭКГ, лаборатория текширувларидан ўтказилди.


— Бу каби тадбирлар, нафақат Гулистон ва Янгиер шаҳрида, вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам белгиланган график асосида ташкил этилади, – дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий маркази бўлим мудири Жонибек Пўлатов. –Сирдарёда "Саломатлик сайиллари"доирасида ташкил этилган тиббий кўрик жараёнларига Республика ихтисослашган илмий-амалий марказларининг 20 дан ортиқ малакали мутахассислари жалб этилган. Улар нафақат тиббий кўрик, балки аҳолини соғломлаштиришга қаратилган тарғибот тадбирларида ҳам фаол иштирок этмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА